Спорт | 20:06 / 07.01.2016
8357
2 дақиқада ўқилади

Яккакураш жангчиси Шон Жордан Фёдор Емельяненко билан жанг қилмоқчи эканлигини маълум қилди

“Ёввойи” лақабли америкалик аралаш яккакураш (MMA) жангчиси Шон Жордан икки йиллик танаффусдан кейин яна рингга қайтган россиялик жангчи Фёдор Емельяненко билан жанг қилмоқчи эканлигини маълум қилди.

Жордан ўз инстаграмида “Фёдор апрелда жанг ўтказмоқчи эканлигини эшитдим. Скотт Кокер, оғир вазнлиларнинг ҳақиқий жанги учун вақт келди”, деб ёзди.

Жордан ўз хабарида номини олган Скотт Кокер MMA мусобақаларини ўтказувчи Bellator ташкилоти президенти ҳисобланади. 31 ёшли Жордан аввал Ultimate Fighting Championship томонидан уюштириладиган жангларда қатнашган, бироқ унинг бу ташкилот билан шартномаси якунланди. Жангчининг статистикаси унча ҳам қойилмақом эмас: 25 та жангдан 18 та ғалаба (14 таси нокаут билан) ва 7 та мағлубият (4 таси нокаут билан). Жангчи охирги жангини 2015 йилнинг октябрида Хьюстонда (АҚШ) россиялик жангчи Руслан Магомедовга қарши ўтказган ва ҳакамлар қарори билан ютқазган.

“Охирги император” лақабли Фёдор Емельяненко 2015 йил 31 декабрда ўз фаолиятини икки йиллик танаффусдан кейин яна бошлади. У Япониянинг Rizin FF ташкилоти томонидан уюштирилган мусобақада ҳинд милатига мансуб Жайдип Сингхни жангнинг 4-дақиқасидаёқ нокаут билан мағлуб этди.

Емельяненко аралаш яккакурашда 2000 йилдан бери иштирок этиб келади ва 40 та жанг ўтказиб, 35 та ғалабага эришган, 4 та мағлубиятга учраган, битта жанги бўлиб ўтмаган деб топилган. Фёдор оғир вазн бўйича ММА’нинг “Pride FC” версияси бўйича 4 карра жаҳон чемпиони, “RINGS” ва “WAMMA” версиялари бўйича 2 карра жаҳон чемпиони ҳисобланади.