Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Давлат департаменти Ироққа 800 млн долларлик “ҳаво-ер” синфидаги ракеталарни сотишга рухсат берди
АҚШ Давлат департаменти Ироққа “ҳаво-ер” синфидаги, ўзи нишонга олувчи AGM-114 Hellfire жанговор ракеталар, CATM (Captive Air Training Missiles) ўқув ракеталари ва уларга зарур бўлган қурилмани сотишга рухсат берди.
Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазирлигининг мудофаа ҳамкорлиги ва хавфсизлиги агентлиги (DSCA) маълум қилди.
Агентлик сайтида жойлаштирилган хабарда аввалроқ Ироқ ҳукумати 5 мингта “Хеллфаер” ва 10 та САТМ ракетасини сотиб олмоқчи бўлгани айтиб ўтилган. Ушбу қурол-аслаҳа партиясининг умумий қиймати 800 млн долларни ташкил қилади.
“Таклиф қилинган битим АҚШнинг ташки сиёсати ва миллий хавфсизлиги соҳасидаги вазифаларига мос келади, чунки Ироқ хавфсизлик кучларининг ИШИДга қарши курашиш имкониятини мустаҳкамлайди”, дейилмоқда хабарда.
Таъкидланишича, бу ракеталар Ироқ қуролли кучлари томонидан ер усти операцияларини қўллаб-қувватлашда фойдаланилади. Бундан ташқари, ироқлик ҳарбийларда бундай қурол бор ва улар ундан фойдаланиш тажрибасига эга. Қурол-аслаҳани Lockheed Martin Corp. компанияси етказиб беради.