Жаҳон | 15:36 / 08.01.2016
4459
2 дақиқада ўқилади

Британия ТИВ раҳбари Сеулни хотиржамликка чақирди

Британия ТИВ раҳбари Филип Хаммонд бугун, 8 январь куни КХДР ҳудудига ташвиқот эшиттиришларини узатишни бошлаган Жанубий Кореяни хотиржамликка чақирди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар қилди.

“Биз Жанубий Кореяни вазмин бўлишга чақирамиз”, - деди вазир Японияга ташрифи чоғида.Эслатиб ўтамиз, 8 январь куни Пхеньян ядро синови ўтказганига жавоб сифатида КХДР чегарасида овоз кучайтиргичлар ёрдамида ташвиқот эшиттиришларини узатишни бошлади.

Рёнҳап агентлигининг хабарига кўра, ташвиқот маҳаллий вақт билан 12.00 да 11 дона овоз кучайтирувчи карнайлар ёрдамида эшиттирила бошланди.

Айни пайтда Жанубий Корея КХДРга қаратилган ташвиқот карнайлари ўрнатилган ҳудудларда ҳарбий хизматчилар тайёргарлигини энг юқори даражага кўтарди. Рёнҳап агентлигининг маълум қилишича, Жанубий Корея шу мақсадда чегара ҳудудига танкка қарши ракеталар ва ўзиюрар K-9 гаубицаларини ҳам жойлаштирган.

6 январь куни эса Шимолий Корея ўзининг илк водород бомбасини синовдан ўтказганини маълум қилган эди. Ҳалқаро ҳамжамият, жумладан, ядро қуролига эга давлатлар Пхеньяннинг ҳаракатларини муҳокама қилиб, ўз хавотирини билдирган эди.

Бироқ кўпчилик мутахассислар портлаш келтириб чиқарган ер силкиниши магнитудасининг пастлиги сабабли шимолликларнинг водород бомбасини синовдан ўтказганини шубҳа остига олмоқда.