Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
HRW: Эфиопиядаги норозилик намойишлари туфайли ҳалок бўлганлар сони 140 нафарга етган
Эфиопиянинг Оромия вилоятида ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган намойишлар жараёнида ҳалок бўлганлар сони бугунги кунга келиб камида 140 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти Human Rights Watch (HRW) маълумотида келтирилган.
"Полиция ва бошқа хизматлар ходимлари камида 140 нафар намойишчини ўлдирган ва ундан кўпроқ одамни жароҳатлаган. Бу Эфиопияда 2005 йилги сайловлар чоғида юз берган ғалаёнлардан кейинги энг йирик инқироз бўлиши мумкин", — дейилади ташкилот сайтида жойлаштирилган баёнотда.
Франс Пресс агентлиги маълумотида ёзилишича, Эфиопия ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячиларининг мазкур баёнотига изоҳ бермаган. Расмийлар беш киши нобуд бўлганини тан олган, холос.
Бундан олдинроқ мамлакат пойтахти Аддис-Абеба шаҳридан 80 км масофадаги Гинчи шаҳрида ҳукумат расмийлари томонидан ўрмонлар кесилиши эълон қилингач намойишлар бошланганди. Кейинчалик бу намойишлар бутун Оромия вилояти бўйлаб тарқалди.