Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин дзюдо бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийи Эцио Гамбага Россия фуқаролигини берди
Россия президенти Владимир Путин дзюдо бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийи, италиялик дзюдочи, 1980 йилги Олимпия чемпиони Эцио Гамбага Россия фуқаролигини бериш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда 8 январда Кремль матбуот хизмати маълум қилди.
Путин фармонни дзюдо бўйича Россия терма жамоаси билан биргаликда машғулот ўтказгандан кейин имзолади. Машғулот олдидан Гамба Путинга отиш услубларини эгаллашда ёрдам берди.
2015 йил март ойида Гамбага “Россияда хизмат кўрсатган мураббий” фахрли унвони берилган, 2013 йилда эса “Россия спортининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссаси учун” Россиянинг “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Эцио Гамба 1958 йил 2 декабрда Шимолий Италиядаги Брешиа шаҳрида дунёга келган. 9 ёшидан дзюдо билан шуғулланишни бошлаган. Гамба 1976 йилдан 1988 йилгача 4 та Олимпия ўйинларида иштирок этган. Италия терма жамоасига мураббийлик қилган. 2008 йил 12 ноябрда Россия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган. 2012 йил Лондон Олимпиадасида Гамба бошчилигидаги Россия терма жамоаси ўз тарихида биринчи олтин медалларни қўлга киритган.