Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қаршилик 1,6 минг нафар спортчи қизга Президентимиз совғаси – спорт кийимлари топширилди
Қарши шаҳридаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган 1 минг 594 нафар спортчи қизга Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан Президентимиз совғаси – спорт кийимлари топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Қарши олимпия захиралари коллежида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, айниқса, қизларни спортга кенг жалб этишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2003-2015 йилларда Қашқадарё вилоятида 190 замонавий спорт иншооти барпо этилиб, зарур спорт жиҳозлари билан таъминланди.
Яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар самарасида вилоятда мунтазам спорт билан шуғулланувчи қизлар сони кўпаймоқда. Жумладан, 2011 йилда спорт билан мунтазам шуғулланувчи 6-18 ёшли қизлар 34,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 53,6 фоизга етди.

– Қизлар ўртасида айниқса бадиий гимнастика тез оммалашмоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қашқадарё вилояти филиали директори Сирожиддин Азизов. – Спортнинг мазкур тури билан бугунги кунда 4 минг 500 га яқин қиз мунтазам шуғулланмоқда. Вилоятдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ўқувчилари Луиза Ғаниева, Азизахон Мирзаева, Шоҳсанам Нормўминова, Мубина Камолова, Дилмира Ашурова, Севинчбону Омонова, Моҳинур Эшпўлатова кабилар мамлакатимиз миллий терма жамоаси таркибида кўплаб халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритди.
Бундай тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилиб, 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 16 мингга яқин спортчи қизга Президент совғалари топширилди.

