Спорт | 16:34 / 08.01.2016
5007
2 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян: Олимпия терма жамоасининг вазифаси Рио йўлланмасини қўлга киритиш

Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян "InterFutbol" нашрига Қатарда бошланиш арафасидаги 23 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Осиё чемпионати арафасида интервью берди.

У Одил Ҳамробеков ва Бобур Йўлдошев соғ­лиқдаги муаммолар туфайли сафдан чиққанини маълум қилган.

Бабаян таркибдаги йўқотишларга қарамасдан, терма жамоа Рио-де Жанейрода бўлиб ўтадиган олимпиада учун йўлланма қўлга киритиш мақсад қилинганини алоҳида таъкидлаган.

"Олдимизга қў­йилган асосий вазифа Риога йўлланма олиш. Бунинг учун ҳар бир ўйинга худди финалга тайёрлангандек тараддуд кўришимиз, сўнгги дақиқаларгача ҳушёрликни сусайтирмаслигимиз талаб этилади. Ишонч билан айтаманки, биз бунга ҳозирнинг ўзидаёқ тайёрмиз. Яхши биласиз, ўтган гал вакилларимиз Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга жуда-жуда яқин келишганди, аммо... Биз эса ўша хатони такрорламасликка, юртимизга ёруғ юз билан қайтишга ҳаракат қиламиз", дейди у.

"Шундай муҳим турнирга атиги бир ой мобайнида тайёргарлик кўрилгани шубҳаларга сабаб бўлмаслиги керак. Тўғри айтдингиз, бу муддат камдек туюлиши мумкин. Лекин шахсан мен таркибдаги деярли барча футболчиларнинг нимага қодир эканликларини яхши биламан. Қолаверса, уларнинг аксарияти «Пахтакор» футбол мактабида, бошқача айтсак, кўз ўнгимда улғайишган. Баъзи йигитлар билан эса миллий терма жамоадаги машғулотлар давомида танишиб, бир-биримизга мослашиб олганмиз. Айрим ўйинчиларни миллий чемпионатдаги иштироклари орқали яхши биламан. Шундай экан, бу муддатни кам демасдим", деган мураббий саволлардан бирига жавобан.