Жаҳон | 14:31 / 08.01.2016
3208
2 дақиқада ўқилади

Япония БМТ ХК аъзолари билан КХДР бўйича резолюция юзасидан ҳамкорлик қилмоқчи

Япония ТИВ раҳбари Фумио Кисида БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолигига кирувчи мамлакатлар билан КХДР бўйича зудлик билан резолюция қабул қилиш юзасидан яқин ҳамкорлик олиб бориш кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда РИА “Новости” хабар бермоқда.

Жума, 8 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзга чиқар экан, япон вазири АҚШ, Франция ва Жанубий Корея билан келишувга эришилганини ҳам таъкидлаб ўтди.
“БМТ ХК резолюциясини зудлик билан қабул қилиш учун биз Хитой билан қатъий шерикчилик қилишимиз керак”, - дея қўшимча қилди Кисида.

“Биз резолюция қабул қилиш учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган Британия билан ҳам ҳамкорлик қилишни истар эдик”, - деди вазир Британия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Филип Хаммонднинг Японияга қиладиган ташрифига изоҳ берар экан.
Япония 2016 йилда БМТ ХКнинг доимий бўлмаган аъзоси ҳисобланади.