Спорт | 06:24 / 09.01.2016
2242
2 дақиқада ўқилади

Денис Истомин Австралия очиқ чемпионатида иштирок этади

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин 2016 йилнинг 18-31 январь кунлари Австралиянинг Мельбурн шаҳрида ўтказиладиган “Улкан тож” туркумига кирувчи дунёдаги тўртта энг йирик мусобақалардан бири Австралия очиқ чемпионатида иштирок этади.

Дунёнинг етакчи теннисчилари иштирокида ўтказиладиган мазкур мусобақада ҳамюртимиз ҳозирча яккалик баҳсларида рўйхатдан ўтган.

Агарда Дениснинг сўнгги икки йилда Австралия очиқ чемпионатининг яккалик баҳсларидаги иштирокига назар ташлайдиган бўлсак, 2014 йили бўлиб ўтган мусобақада дастлаб Кипр вакили Маркос Багдатисни 6-4, 7-5, 6-4 ҳисобида, иккинчи даврада эса россиялик Дмитрий Турсуновни 7-6, 4-6, 6-1, 6-4 ҳисобида мағлуб этган ҳамюртимиз, учинчи босқичда дунёнинг биринчи рақамли ракетка устаси Новак Жокович (Сербия)га 3-6, 3-6, 5-7 ҳисобида имкониятни бой берган. 2015 йилги мусобақада Денис биринчи даврадаёқ италиялик Андреас Сеппига 7-5, 3-6, 6-2, 1-6, 4-6 ҳисобида мағлуб бўлган эди.

Австралия очиқ чемпионатига қадар 11-17 январь кунлари Окленд (Янги Зеландия) ва Сидней (Австралия) шаҳарларида халқаро турнирлар ўтказилади. Ҳозирча Денис ушбу турнирларга рўйхатдан ўтган спортчилар таркибида қайд этилмаган.

Манба: olympic.uz

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш