Технология | 00:59 / 09.01.2016
4056
2 дақиқада ўқилади

Mazda хавфсизлик ёстиғидаги носозлик туфайли 374 минг автомобилни ортга чақиртириб олмоқда

Япониянинг Mazda автоконцерни Takata компанияси ишлаб чиқарган хавфсизлик ёстиғидаги носозлик туфайли АҚШ бозоридан 374 минг автомобилини ортга чақиртириб олаётганини эълон қилди. Бу ҳақда 8 январда компания тарқатган баёнотда айтилмоқда.

АҚШда 2003-2008 модель йилларидаги Mazda 6, 2006-2007 модель йилларидаги Mazda Speed 6 ва 2004 йилда ишлаб чиқарилган RX-8 спорткари чақиртириб олинади.

Аввалроқ Mazda АҚШдан худди шу муаммо туфайли 100 минг автомобилни қайтариб олишини эълон қилганди.

Takata 2014 йилда халқаро можаро марказида қолди. Ушбу компания ишлаб чиқарадиган хавфсизлик ёстиқчалари автомобиль ҳаракатланиши пайтида ўз-ўзидан очилиб кетиши аниқланган. Ҳаво пуркагичлардаги носозлик ёстиқчалар очилганда одамга металл бўлаклар отишига олиб келиши мумкин. Мавжуд маълумотларга кўра, АҚШда шундай ҳолат сабабли 8 киши ҳалок бўлган, 10 киши яраланган.

2015 йил майида Takata АҚШда ишлаб чиқарилган 34 млн га яқин машинани бузуқ ҳамда носоз хавфсизлик ёстиқчалари билан жиҳозланганини тан олган. Бундай кўп сондаги автомобилнинг ортга чақиртириб олиниши АҚШ тарихидаги энг йириги бўлган.