Жаҳон | 13:52 / 10.01.2016
8492
2 дақиқада ўқилади

Туркия ТИВ 89 давлатга нисбатан виза тартиби жорий этилиши ҳақидаги хабарларни инкор қилди

Туркия ТИВ 89 давлатга нисбатан виза тартибининг жорий этилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Бу борадаги баёнот идоранинг расмий сайтида чоп этилди.
“Ўлкамизнинг 89 давлатга 1 июндан эътиборан виза жорий этиши ҳақида матбуотда ер олган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди”, - деб таъкидланади баёнотда.

Айни пайтда вазирлик бундай тартиб жорий этилиши мумкинлигини бутунлай инкор қилмай, келажакда ҳал қилинадиган вазифалардан бири эканлигини кўрсатиб ўтган.

“Фуқароларимизга Шенген визасидан фойдаланиш имконияти берилиши учун ЕИ билан музокаралар давом этмоқда, - дейилади хабарномада. – Давлатимизнинг учинчи ўлкаларга доир виза сиёсати ЕИ билан мувофиқлаштирилиши ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қўшилганимиздан сўнг ҳал қилиниши лозим бўлган мажбуриятдир”.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун муқаддам Туркия Европа Иттифоқи давлатлари билан виза тартибини енгиллаштириш эвазига ЕИга аъзо бўлмаган бошқа кўплаб давлатлар билан виза тартиби асосида кириб-чиқиш сиёсати олиб бориши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бундай давлатлар сирасида, жумладан, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркманистон, Қирғизистон тилга олинган эди. Аммо ушбу ахборот тасдиқланмади.

“Шу тариқа, ҳозирги босқичда ўлкамиз 1 июндан эътиборан ЕИ билан виза тартибидаги давлатларга нисбатан визалар жорий этишига доир хабарлар тўғри эмас”, - хулоса қилади ТИВ матбуот хизмати.

2007 йилнинг 1 августида Туркия бир томонлама тартибда туристик мақсадларда 30 кунгача муддатда Туркияда бўладиган Ўзбекистон фуқаролари учун виза мажбуриятини бекор қилган эди.