Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европарламент 19 январдаги йиғилишида Польшадаги сиёсий вазиятни муҳокама қилади
Европарламент 19 январда бўлиб ўтадиган ялпи йиғилишда Польша ҳукумати олиб бораётган сиёсатни муҳокама этади. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берган.
Европарламент раҳбари Мартин Шульц, йиғилишга изоҳ берар экан, Польшадаги сиёсий вазият Европанинг асосий қадриятларига қарама-қарши эканлигини таъкидлаган.
Варшаванинг Брюсселдан мустақил бўлишга ҳаракат қилаётгани ва Еврокомиссия янги поляк ҳукумати ислоҳотларидан ҳайратда эканлиги айтилмоқда. Жумладан, Еврокомиссия томонидан маълум қилинишича, Конституциявий суд ва ОАВ ҳақидаги қонунлар, оммавий ахборот воситалари устидан давлат назоратини кучайтиришга уриниш ҳисобланиб, мазкур ҳаракат ЕИ қонунчилигига тўғри келмайди.
Аввалроқ, Польша президенти Анжей Дуда ОАВ тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги ҳужжатни имзолаганди.
Баъзи поляк журналистларининг фикрича, бу ўзгартириш мамлакатда матбуот устидан назоратни кучайтиради. Янги қонун сабаб бир қатор давлат телеканаллари раҳбарлари лавозимидан четлатилган.
Бундан ташқари, 28 декабрда қабул қилинган Конституциявий суд тўғрисидаги қонунга кўра, эндиликда мазкур орган қонунчилик соҳасидаги келишмовчиликларда ҳал қилувчилик ролидан маҳрум этилиб, парламент қуйи палатасига тегишли мурожаатлар юбориши ҳамда судлар фаолиятига фақат президент ва адлия вазири сўровига кўра аралашиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.