Технология | 19:33 / 11.01.2016
4093
2 дақиқада ўқилади

Ford қор қопланган йўлларда автоматик режимда юришни ўрганди

Ҳайдовчисиз йўл босадиган машиналар одатда қорли йўллардан ўтишга қийналади, негаки қор датчикларга маълумот олишга халақит беради. Аммо Ford машиналари бундай тўсиқларни хариталар ёрдамида четлаб ўтишни ўрганди. Бу ҳақда Wired нашри хабар бермоқда.

Лидар ва радар ёрдамида автомобиллар нафақат чизиқларни, балки унга халақит берувчи жиҳатларни ҳам қайд қилиб бориб, автоном тарзда ҳаракатланади. Улар билан уйғунликда йўл белгиларини танийдиган видеокамералар ишлайди.

Шунга қарамай, ҳозирча қор масаласи бутунлай ҳал қилинган деб бўлмайди. Қор кўп бўлганида одамлар бошқа машиналар ҳаракати ёки йўл четидаги чизиқларга қарайди, Ford эса ўз машиналарини юқори детализацияланган 3D-хариталардан фойдаланишни ўргатди.
Ушбу хариталарда хавфсиз йўл босиш учун зарурий бўлган барча ахборот жамланиши таъкидланмоқда.

“Биз қор шароитида ҳам рисоладагидек юриш йўлини топдик, - деди Ford’нинг автоматик бошқариладиган машиналари тадқиқотлари раҳбари Жим Макбрайд. – Биз йўл устидаги ҳамма нарсани кўра оламиз, биз буни харитада текширамиз, харита эса чизиқлар ва қоидалар ҳақидаги барча маълумотларга эга”.

Бундай тизим асосида ишлайдиган машиналар Mcity номли махсус шаҳарда (Мичиган) синовдан ўтказилди. Ford бундай трассаларда машиналари муваффақият қозонганини баён этган биринчи компания бўлди.