Жаҳон | 14:47 / 11.01.2016
4007
2 дақиқада ўқилади

Кёльнда номаълум жиноятчилар осиёлик муҳожирларга ҳужум қилди

10 январь куни Германиянинг Кёльн шаҳрида осиёликларга нисбатан бир қанча ҳужумлар содир этилди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар қилди.

Полиция маълумотига кўра, йигирма кишидан иборат гуруҳ олти нафар покистонликка ҳужум қилган, натижада уларнинг иккиси жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Кейинроқ эса dpa агентлиги беш нафар номаълум шахснинг 39 ёшли Сурия фуқаросига ташлангани тўғрисида хабар тарқатди. У ҳужум натижасида енгил тан жароҳатини олди. Ҳозирча мазкур икки ҳужумнинг ўзаро боғлиқ экани тўғрисида маълумотлар йўқ.

Кёльннинг Express хабарига кўра, рокерлар гуруҳи ва футбол безорилари Facebook ижтимоий тармоқ орқали Кёльн марказида одамларга қарши “ов” уюштиришга келишиб олишган. Полиция вакили ушбу жиноятлар ксенофобия (диний, ирқий ва миллий адоват, кўролмаслик) натижасида содир бўлганми, деган саволга жавоб беришдан бош тортган.

Бундан ташқари, немис ОАВда Лейпциг ва Гамбургда муҳожирлар томонидан жинсий тегажоғликлар содир этиш бўйича янги ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар пайдо бўлди. Шунингдек, суриялик ва афғонистонлик қочқинлар Путтгарден (Шлезвиг-Гольштейн)даги паром станциясида келиб чиқиши яхудий бўлган 49 ёшли француз тадбиркорига ҳужуми ҳақида хабар қилинди.

Жиноятчилар аввалига тадбиркорни ҳақорат қилиб, сўнгра уни оёқ билан тепкилашган ва ҳамёни ҳамда мобиль телефонини олиб қўйишган. Улар Ноймюнстердаги қочқинлар учун вақтинчалик жойлашув марказига йўл олганида поездда қўлга олинган.