Жамият | 14:26 / 12.01.2016
4033
2 дақиқада ўқилади

“Сарҳисоб” танлови ғолиблари тақдирланди

12 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида оммавий ахборот воситалари орқали диний-маърифий мавзуларни ёритишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ижодкорларни тақдирлаш бўйича “Сарҳисоб” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур танлов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди.

Маросимда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов табрик сўзи билан иштирок этди.

Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоғотларни кенг тарғиб этиш, буюк аллома аждодларимиз меросини ўрганиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқимиз, айниқса ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ журналист ва ижодкорлар рағбатлантирилди.

Тадбирда телевидение, радио, матбуот ва интернет йўналишида энг яхши деб топилган ижодий ишлар муаллифлари ҳамда соҳада алоҳида намуна кўрсатган тарғиботчилар махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” ва Тошкент ислом университети нашриёти томонидан чоп этилган янги нашрлар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.