Жаҳон | 08:55 / 12.01.2016
5640
1 дақиқада ўқилади

АҚШ коалицияси Ироқда ИШИДнинг молия марказини йўқ қилди

АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Ироқ шимолидаги Мосул шаҳрида ИШИДнинг молия марказини йўқ қилди, дея хабар бермоқда CNN.

Пентагондаги ахборот манбасининг маълум қилишича, коалиция самолётлари 900 килограммлик икки бомба билан бинони вайрон қилган. Амалдор сўзларига кўра, террористлар у ерда ҳарбий амалиётлар учун сарфланадиган миллионлаб долларни сақлаган.

Авиазарбалар тинч аҳоли ўртасида йўқотишларни камайтириш мақсадида эрта тонгда берилган. Дастлабки маълумотларга кўра, бешдан етти кишигача ҳалок бўлган.

Қайд этилишича, молия марказининг бомбаланиши жангариларни пул топиш йўлларидан айириш учун ИШИД нефть инфратузилмалари ва нефт ташувчиларини йўқ қилишга қаратилган амалиётнинг бир қисми ҳисобланади.