Жамият | 11:46 / 12.01.2016
14389
2 дақиқада ўқилади

Chevrolet одамларнинг самимий муносабатини ўрганиш учун машинадан логотипини олиб ташлади

Chevrolet компанияси McCann агентлиги билан ҳамкорликда “Реал одамлар, актёрлар эмас” сериясидан навбатдаги реклама ролигини тайёрлаб, эълон қилди. Ролик учун компания янгиланган Chevrolet Malibu моделидан брендингнинг барча унсурларини олиб ташлади, сўнг одамларнинг машинага муносабатини ўрганди.

Компания вакилининг таъкидлашича, шу йўл билан одамларнинг машинага бўлган самимий муносабати, очиқ фикрини билишга ҳаракат қилинган.

Айримлар қаршисида турган машинани Lexus компаниясига тегишли деб ҳисобласа, бошқалар уни Acura модели, яна кимдир BMW деб ўйлаган.Шундан сўнг одамлар машинанинг тавсифи билан таништирилади: салонда iPhone’дан хавфсиз фойдаланиш учун Apple CarPlay қўллаб-қувватлаш тизими, Teen Driver технологияси в ҳоказо.

Chevrolet вакили автомобилнинг тахминий нархи неча пулни ташкил қилиши мумкинлигини иштирокчилардан сўраб кўрди. Улар 50-80 минг доллар, деб ҳисоблашди.
Ролик охирида уларга автомобиль ҳақида ҳаққоний маълумот берилади. Одамлар уларнинг қаршисида Chevrolet турганини, унинг минимал нархи 22.5 минг доллар эканлигини эшитиб ҳайратга тушишади.

“Реал одамлар, актёрлар эмас” кампаниясининг мақсади 2015 йил мартидан бошлаб чакана савдо ўсишини таъминлашдир. “Янги Malibu, Cruze ва бошқалар билан бизда сторителлингни яхшилаш ҳамда маҳсулот ва бренднинг қабул қилиниши устида ишлаш имкониятимиз бор”, - деди Adweek билан суҳбатда Chevrolet президенти ўринбосари Пол Эдвардс.

Кампания доирасидаги охирги кейслар Silverado моделига бағишланган бўлиб, одамларнинг машина воситасида ҳал қилинадиган кундалик муаммоларига бағишланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш