Жаҳон | 09:47 / 12.01.2016
2770
1 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия 35 халқаро корпорацияни Бельгияга 700 млн евро тўлашини белгилаб берди

Рақобат масалалари бўйича еврокомиссар Маргрете Вестагер Европа Иттифоқи ҳудудидаги 35та халқаро компания Бельгиядаги солиқ имтиёзларидан ноқонуний фойдаланганини маълум қилди. Bloomberg агентлигининг маълум қилишича, улар Бельгияга 700 млн евро тўлаб беришига тўғри келади.

“ЕИ давлатларидан бири трансмиллий компанияларга ноқонуний солиқ имтиёзларини тақдим этгани ЕИдаги рақобатга салбий таъсир ўтказади ва пировардида ЕИ фуқароларига зарар келтиради”, - таъкидлади амалдор.

Вестагер хонимнинг эътироф этишича, кўпгина компаниялар “трансмиллий бўлгани учунгина” камроқ солиқ тўлаш имкониятига эга бўлган. Унинг фикрича, бундай амалиёт рақобат принципларини бузади ва кичик компанияларни халқаро компаниялар билан бир даражага қўяди.

Еврокомиссия Бельгия ҳукуматига кўрсатилган компаниялардан солиқ камомадини ундиришга кўрсатма берди.