Kia баҳайбат йўлтанламасини намойиш қилди
Kia компанияси уч қатор ўриндиқли улкан Telluride концептуал йўлтанламасини намойиш қилди. Янги модель премьераси Детройтдаги моторшоуда бўлиб ўтди.
Етти ўриндиқли Telluride сўнгги авлод Sorento йўлтанламаси шассиси асосида модификация қилинган. Прототип узунлиги 5001 миллиметр, кенглиги – 2029 миллиметр, баландлиги – 1800 миллиметрни ташкил этади.
Концепт ост қисмининг металли ҳимояси, панорамали том, ёруғлик диодли олд чироқлар ва 22 дюймли ғилдирак диски ҳамда Hankook Ventus қопламаси билан таъминланди. Орқа ўриндиқлар ҳаракат йўналишига қарши йўналишда 90 даража бурчак остида очилиб, учинчи қатордаги ўриндиқларга ўтишни осонлаштиради.
Олдинги ва иккинчи қатор ўриндиқларига махсус датчиклар ўрнатилган бўлиб, ҳайдовчи ҳамда йўловчилар саломатлигини назорат қилиб боради.
Орқадаги йўловчилар ҳам ҳаракатлар орқали бошқариладиган Harman Kardon стереотизимига улана олади. Бу орқада кетаётиб бир қўл ишораси билан мусиқани ёқиш, уни ўтказиш ва бошқа буйруқларни бериш демакдир. Шунингдек, мусиқаларни симсиз қулоқчин(наушник)лар орқали ҳам тинглаш мумкин.