Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ҳайвонларнинг яшаши учун қулай шароитларни яратиш қоидаси кучга кирди
Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 31 декабрдан кучга кирган янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги қонунига биноан, ҳайвонларнинг соғлиғига салбий омилларнинг зарарли таъсири билан бир қаторда уларнинг яшаши учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш қоидаси киритилди.
Эпизоотик ҳолатлар келиб чиқиши, намоён бўлиши ҳамда унга қарши курашиш масалалари, чорва моллари эгаларининг мажбуриятлари белгилаб берилди.
– Қонунга ветеринария соҳасидаги асосий тушунчаларнинг киритилиши, айниқса, биологик чиқиндилар, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига аниқ таъриф берилгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Садиржон Жакбаров. – Ҳужжатга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг тегишли ҳудуд аҳолисини эпизоотия ва нобоп пункт тўғрисида хабардор этишдаги иштирокини белгиловчи нормалар киритилгани ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлайди.
Қонунга кўра, чорвачилик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш, ҳайвонларни сақлаш, озуқабоп қўшимчаларни ҳамда ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш билан боғлиқ корхона ва ташкилотлар устидан тизимли давлат ветеринария назорати олиб борилиши белгиланди. Уларнинг фаолияти тегишли мезонларга кўра ташкил этилади. Бундан ташқари, қонунда хусусий ветеринария фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ролини ошириш, уларнинг манфаатлари ҳимоясини ва рақобат муҳитини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Қонунда давлат ветеринария хизмати барча чорвачилик объектларининг, кушхоналар, қайта ишловчи корхоналар, савдо шохобчалари, хомашё омборларини қуриш ва реконструкция қилиш, ер қазиш ишларининг ветеринария экспертизасини амалга оширишда иштирок этиши белгиланди.
Манба: ЎзА