Спорт | 19:29 / 12.01.2016
9522
2 дақиқада ўқилади

Қатарда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати бошланмоқда

Бугун, 12 январь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида U-23 ёшлар ўртасида ҳисоб бўйича иккинчи Осиё чемпионати финал босқичи старт олади.

Мазкур турнир шу йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларининг футбол мусобақасига йўлланма берувчи турнир ҳисобланади. Қатардаги турнирда дастлабки учта ўринни эгаллаган терма жамоалар Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишади.

Самвел Бабаян бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоаси мусобақанинг C гуруҳида Жанубий Корея, Ироқ ҳамда Яман олимпия терма жамоаларига қарши майдонга тушади. Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея олимпия терма жамоалари шу пайтгача бу ёшдаги турнирларда ўзаро 4та расмий учрашувда майдонга тушишган ва уларнинг учтасида Жанубий Корея олимпия терма жамоаси ғалаба қозонган бўлса, яна бир учрашувда дуранг қайд этилган.

Ўзаро ўйинлар:

28.03.2007
Жанубий Корея – Ўзбекистон 2:0

18.04.2007
Ўзбекистон – Жанубий Корея 0:1

22.08.2007
Жанубий Корея – Ўзбекистон 2:1

17.11.2007
Ўзбекистон – Жанубий Корея 0:0.

Ироқ олимпия терма жамоаси эса, аввалги Осиё чемпионатида ҳам Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан бир гуруҳда тўп сурган эди ва ўшанда Ироқ 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Қолаверса, Ироқ терма жамоаси шу ёш тоифасида амалдаги Осиё чемпиони ҳисобланади – Уммонда бўлиб ўтган Осиё чемпионати финалида Ироқ олимпия терма жамоаси Саудия Арабистони терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, олтин медалларни қўлга киритган.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё чемпионати 1-тур ўйинини айнан Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўтказади. Учрашув 13 январь куни Тошкент вақти билан соат 21:30да бошланади.

Турнирнинг очилиш ўйинида эса, 12 январь куни A гуруҳида Қатар U-23 терма жамоаси Хитой билан ўйнайди. Ушбу гуруҳнинг яна бир учрашувида Сурия Эронга қарши майдонга тушади.