Ўзбекистон | 12:09 / 12.01.2016
16557
3 дақиқада ўқилади

Тошкент чорраҳаларига ўрнатилаётган фото- ва видеокамералар қоидабузарликларни аниқлашни бошлади

Тошкентда яқин ойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқаришнинг компьютерлаштирилган тизими ишга тушади. Бу ҳақда Sputnik ИИВдаги ахборот манбасига асосланиб хабар қилди.

Тизимни ўрнатиш ишлари 75 фоиз тугаллаб бўлинган. Жами бўлиб пойтахтимиздаги 120та чорраҳада автомобиль ҳайдовчиларининг қоидабузарликларини замонавий фото ва видео қайд этиш тизими ўрнатилади.

“Амалий жиҳатдан тизим 100дан зиёд пойтахт чорраҳаларида ишга туширилган бўлиб, вазиятни баҳоламоқда. Ҳозирда дастурий таъминот бўйича алоҳида меъзонларни созлаш ишлари давом эттирилмоқда”, - дея қайд этди ахборот манбаси.

Тизим уни ўрнатиш ва ишга тушириш билан шуғулланаётган Швейцария компанияси билан лойиҳани якунлаш тўғрисидаги барча зарур ҳужжатлар имзоланганидан сўнг амалиётга татбиқ этилади. Фақатгина шундан сўнг ИИВ аввал имзоланган шартномага мувофиқ, фото ва видео камералар қайд этган маълумотлардан фойдаланиши мумкин.

Тизим автоматик тартибда қоидабузарликнинг икки кўриниши – ҳаракат тезлигининг оширилиши ва қизил чироқдан ўтишни қайд этса, бошқа қоидабузарликлар бошқарув марказидаги операторлар томонидан рўйхатга олинади.

Қоидабузарлик қайд этилганидан ҳайдовчига почта орқали қоидабузарлик рўйхатга олинган сана ва жой, авто давлат рақами, бир неча фотосурат ва бошқа маълумотлар кўрсатилган хат юборилади. Автомобиль эгаси бир йил давомида жарималарни тўлаши шарт.

“Сўнгги ойларда 2500та қоидабузарлик қайд қилинган бўлиб, автомобиль эгалари жавоб беришларига тўғри келади. Тизим ишга туширилганидан сўнг жарима тўлаш талаб қилинган хатлар уларга юборилади. Автомобиль эгаларининг бу ҳақда огоҳлантирилмаганмиз, қабилидаги даъволарига асос йўқ, йўл ҳаракати иштирокчиси фото ва видео қайд қилинишидан қатъи назар, қоидаларга риоя этишлари лозим”, - дея таъкидлаб ўтди агентлик суҳбатдоши.

Шу ўринда, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ва йўллардаги патруллар сони тизим ишга тушганидан сўнг қисқармайди. Улар бошқа вазифаларни бажаришади. Масалан, ҳайдовчи гувоҳномасисиз ёки маст ҳолатда машина бошқариш каби қоидабузарликларни текширишади.