Жаҳон | 22:13 / 12.01.2016
6166
1 дақиқада ўқилади

Туркия бош вазири Меркель билан Истанбулдаги теракт тафсилотлари хусусида гаплашди

Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғли Германия канцлери Ангела Меркель билан телефон мулоқоти ўтказиб, Истанбул шаҳрида содир этилган теракт тўғрисида гаплашди

Рейтер агентлигида ёзилишича, бош вазир Меркель хонимга теракт бўйича олиб борилаётган текширувлар натижалари бўйича доимий равишда ахборот бериб туришни ваъда қилган.

Бундан ташқари, манбада теракт оқибатида ҳалок бўлган 10 кишидан тўққиз нафари Германиялик экани айтилган.

Бугун маҳаллий вақт билан соат 10:20да (Тошкент вақти билан соат 13:20да) Истанбул шаҳрининг Султонаҳмад туманидаги майдонда террорчи ўзини портлатиши туфайли 10 киши ҳалок бўлди ва 15 киши жароҳатланди. Ҳалок бўлганларнинг 9 нафари германиялик сайёҳлар бўлишган. Шунингдек, бу терактда Норвегия, Жанубий Корея ҳамда Перу фуқаролари бўлган сайёҳлар жабрланган.

Бироз олдинроқ, бу теракт ижрочиси ИШИД аъзоси бўлгани хабар қилинганди.