Жаҳон | 11:17 / 12.01.2016
3090
2 дақиқада ўқилади

ЮНИСЕФ: Низоли ҳудудларда мактабга бора олмаётган 24 миллион бола бор

Дунёнинг 22 мамлакатида истиқомат қилувчи 24 миллион бола сиёсий низолар туфайли бошланғич таълим олиш имконидан маҳрум. Бу ҳақида БМТнинг Болалар жамғармаси ЮНИСЕФ хабар қилган.

"Сиёсий низолар қамраб олган давлатларда яшовчи болалар ўз уйларини, оила аъзоларини, дўстларини ва шахсий хавфсизлигини йўқотган. Энди улар ўқиш ва ёзишни ўрганишдан маҳрум. Уларнинг келажаги мавҳум. Бу мамлакатлар қачондир тинчиб, ривожланишни бошласада, бу болалар бу жараёнда иштирок эта олишмайди", дейди ЮНИСЕФнинг Глобал таълим бўлими раҳбари Жо Бурнт.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, бундай болаларнинг аксар қисми Жанубий Судан, Нигер, Судан ва Афғонистонда яшамоқда.

2015 йилда Европа Иттифоқидан бошпана сўраб борган 1 миллиондан ортиқ кишининг 200 минг нафардан ортиғи болалар бўлди. Дунёда ҳозирда 30 миллиондан ортиқ бола сиёсий низолар туфайли ўзлари яшаб турган уйларни тарк этишга мажбур бўлган. Шунингдек, 250 миллиондан ортиқ бола уйларини ташлаб кетиш зарурати билан тўқнашган.