Жаҳон | 15:20 / 13.01.2016
5557
13 дақиқада ўқилади

БМТ Бош Ассамблеяси раиси: 2015 йил глобал гуманитар инқироз чуқурлашган йил бўлди

Сайёрамизга янги-2016 йил кириб келди. Куни кеча БМТ Бош Ассамблеясининг раиси Моргенс Люккетофтнинг мақоласи эълон қилинди. Унинг фикрича, 2015 йил қонли можаролар, даҳшатли террор хужумлари ва глобал гуманитар инқирознинг чуқурлашган йили бўлган. Унинг айтишича, ўтган йили Сурияда 250 мингдан ортиқ киши халок бўлиб, 11 миллионга яқин киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. У жаҳоннинг турли мамлакатларида одамларнинг қўрқув остида яшаши, тинч фуқороларга қилинаётган ҳужумлар, экстремистик гурухлар томонидан одамларнинг ўғирланиши ва қатл қилиниши билан боғлиқ аянчли воқеаларга хам тўҳталиб ўтган.

2015 йилда халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатлари билан Сьерра-Леоне, Либерия ва Гвинеяда эбола эпидемиясига бархам берилди. БМТнинг Минг йиллик дастурига кўра, жахонда қашшоқлар сони 50 фоизга қисқарди. Ўтган йили музокоралар йили бўлди. Бунинг самараси ўлароқ Куба ва АҚШ ўртасидаги муносабатларда ижобий натижалар кўзга ташланди. Эрон ядро дастури борасида хам ижобий натижалар қўлга киритилди. Колумбияда хукумат кучлари ва исёнкорлар ўртасида музокорлар бошланди. Марказий Африка Республикасида эса Ўтиш жараёнлари кузатилмоқда.

Ўтган йилнинг сентябр ойида Нью-Йоркда 17та мақсадни ўз ичига олган БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган янги Битим қабул қилинди. Мамлакатлар қашшоқлик ва очарчиликни келтириб чиқарувчи сабабларга қарши курашга келишиб олдилар.

Шу билан бирга у халқаро миқёсда қўлга киритилган ютуқларни ҳам мисол сифатида келтирар экан, Иқлим ўзгариши бўйича Париж анжумани ва унда қабул қилинган қарорни ҳам эслатиб ўтди. “2016 йил харакатлар йили бўлиши керак”, дейди БМТ Бош Ассамблеяси раиси.

Бу йил сиёсий воқеаларга бой йил бўлиши кутилмоқда.

ДАИШ (ИШИД)га қарши кескин кураш олиб борилмайдиган бўлса, у холда дунё халқаро терроризмнинг янги тўлқини билан тўқнаш келади. Айни дамда ДАИШга қарши учта каолиция кураш олиб бормоқда. АҚШ, Россия ва Саудия Арабистони ўзаро келиша олмаяпти. Учта каолиция ўртасидаги қарама-қаршиликлардан ўз навбатида ДАИШ фойдаланиб қолади.

Бу йил президентлик сайловлари 24 январда Португалияда, 31 январда Марказий Африка Республикасида (иккинчи босқич), 6 февралда Молдавияда, 21 февралда Нигер ва Комор ороллари Итттифоқида, 28 февралда Бенинда, 8 апрелда Жибутида, 8 ноябрда АҚШда бўлиб ўтади.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг янги бешта нодоимий аъзоси 1 январдан бошлаб ўз фаолиятини бошлади. Миср, Сенегал, Украина, Уругвай ва Япония 2017 йилнинг 31 декабрига қадар Хавфсизлик Кенгашининг нодоимий аъзоси этиб сайланган эди. Эслатиб ўтамиз, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 та аъзоси бўлиб, улардан бештаси доимий аъзо ҳисобланади. Қолганлари эса ротация асосида икки йил муддатга сайланади.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик Германияга ўтди. Берлин ташкилотга “Мулоқотни янгилаш, ишонч ва хавфсизликни тиклаш” шиори остида раислик қилади. Куни кеча ташкилотга аъзо мамлакатлар 2016 йилга мўлжалланган бюджет масаласида ўзаро келишувга эришдилар. Германия ташқи ишлар вазири Франк- Вальтер Штайнмайер бюджетни қабул қилиш мураккаб вазифа бўлганини, аммо бу вазифа бажарилганини таъкидлади. Еврпада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 2016 йилга мўлжалланган бюджети 141 миллион 100 минг еврони ташкил қилади.

1 январдан Япония G7 — “Катта еттилик” гуруҳига раислик қила бошлади. Гуруҳга, Япониядан ташқари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Канада, Франция ва Италия аъзо бўлиб кирган. Бундан аввал Япония 2008 йилда “Катта еттилик” саммитига раислик қилган эди. Айни дамда Миэ префектурасининг Сима шаҳрида 26-27 май кунлари бўлиб ўтиши кутилаётган саммитнинг кун тартиби муҳокама қилинмоқда. Бу шаҳар Исэ-Сима миллий қўриқхонаси ҳудудида жойлашган. Аньанага кўра, еттита мамлакатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари бу каби саммитларда халқаро майдонда юз бераётган сиёсий ва иқтисодий масалаларни муҳокама қилишади. Бироқ, таҳлилчиларнинг фикрича, бу галги саммитда сиёсат ва дипломатия, иқтисод ва ташқи савдо, иқлим ўзгариши ва энергетика, глобал тараққиёт масалалари муҳокама қилиниши аниқ. Саммитда жахон соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Сиёсат ва дипломатия масалалари муҳокама қилинар экан, аксилтеррор амалиётлари ва халқаро терроризмга қарши курашда “катта еттилик” мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини мувоффиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиши, шубҳасиз. Ўтган йилнинг ёзида бош вазир Синдзо Абэ баёнот бериб, раис сифатида Япония жаҳон муаммоларини ҳал қилишда G7га аъзо мамлакатлар бирлигига катта аҳамият қаратишини таъкидлаганди. “G7ни умумий қадриятлар – озодлик, демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги бирлаштриб туради” деган эди Япония бош вазири. Бундан ташқари Япония учта мавзуга алоҳида эътибор қаратмоқчи. Яъни, глобал дунёнинг муаммолари сифатида, Япония жаҳонда замонавий инфратузилмаларни ташкил қилиш, соғлиқни сақлашдаги муаммоларни ҳал қилиш, хотин-қизларнинг мақоми ва уларнинг ижтимоий ролини оширишга эътиборр берилиши лозимлигини айтиб келади. Маълумки, Абэ ички сиёсатида ҳам хотин-қизларининг мақомини оширишга алоҳида аҳамият қаратиб келади. Саммитдан аввал “Катта еттилик”ка аъзо мамлакатларнинг вазирлари иштирокида бир қатор учрашувлар ўтиши режалаштирилган. Вазирларнинг учрашувлари “кунчиқар юрт”нинг шарқ ва ғарб, шимол ва жанубидаги турли шаҳарларида ўтказилади. Масалан, ташқи ишлар вазирлари Хиросимада 10-11 апрель кунлари учрашадилар. 1945 йилда атом бомбаси ҳужумига дучор бўлган Хиросима тинчлик ва умидлар рамзи сифатида танланди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Парижда юз берган террор ҳодисаларидан кейин бўлиб ўтиши кутилаётган мазкур халқаро миқёсдаги илк анжуманлар сабаб хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Белгиланган муддатдан тўрт ой аввал Япония ташқи ишлар вазирлиги қошида халқаро терроризм борасида Ахборот тўпловчи марказ ташкил этилди. Марказ аслида апрель ойида иш бошлаши керак эди. Бироқ ўз фаолиятини 2015 йилнинг 8 декабрида бошлаб юборди. Бевосита бош вазир девонхонасига бўйсинувчи мазкур марказга ўнлаб мутахассислар жалб қилинган.

Пойтахт Токио ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида полиция ва махсус хизмат ходимлари фавқулотда вазиятларда кўриладиган чора-тадбирлар бўйича ўқув-машқларни ўтказмоқда. Полиция саммит арафасида ҳукуматга тегишли сайтлар халқаро Anonymous (“Анонимус”) хакерлар гуруҳи ҳужумига учраши эҳтимолини маълум қилди. Кибержиноятчилик сўнгги йилларда Япония учун воқеликка айланиб бормоқда. Айрим маълумотларга кўра, 2015 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб “Анонимус” гуруҳи Япония сайтларига уюштирилган 100та ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

“Катта еттилик” саммити ўтказилиши учун 60 миллиард иен (487 миллион доллар) ажратиладиган бўлса, шунинг ярмидан кўпи, тахминан – 34 миллиард иенни хавфсизликни таъминлашга сарфланади.

1 январдан бошлаб Хитой “Катта йигирмалик”ка раислик қила бошлади. Маълумки, “катта йигирмалик” саммити шу йилнинг 4-5 сентябр кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилади. Бу шаҳар Чжэцзян вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланади. Навбатдаги саммитда инновацияга алоҳида эътибор қаратилади.

Нидерландия 1 январдан бошлаб олти ой давомида Европа Иттифоқи Кенгашига раислик қилади. Кенгаш раиси ҳар ярим йилда ўзгариб туради. Нидерландия раисликни Люксембургдан қабул қилиб олди. Июнь ойида эса Словакияга топширади. Янги раис олдида турган асосий муаммо Европада кузатилаётган муҳожирлар билан боғлиқ инқироз экани айтилади

Бу йил Европа навбатдаги мухожирлар тўлқини билан тўқнаш келади. Тахлилчиларнинг фикрича Қўхна қитьага яхши хаёт умидида Осиё ва Африкадан мухожир ва қочқинларнинг оқими нафақат Европа мамлакатлари, балки халқаро ташкилотлар учун ҳам кутилмаган ходиса бўлган. Бу хақда БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси расмий вакили Уильям Спиндлер баёнот берди. У йил охрига қадар мухожир ва қочқинлар сони яна ортиши эхтимолини хам таъкидлаб ўтди. У Олий комиссарлик инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиш мақсадида махсус режа ишлаб чиққанлигини қайд қилиб ўтди.

БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси асосан урушлар, табиий офатлар кузатилаётган мамлакатлардан бош олиб кетаётган қочқинлар муаммолари, бир сўз билан айтганда халқаро ёрдамга мухтожлар билан шуғулланади. Халқаро Миграция ташкилоти эса мухожирларнинг муаммоларни хал қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Европага келаётган Осиё ва Африка фуқоролари мехнат мухожирлари дейилади. Қуролли тўқнашувлар давом этаётган мамлакатлардан бош олиб кетаётганлар эса қочқинлардир. Улар ўртасидаги мана шу фарқларни ажратиш керак бўлади. Бироқ Греция ёки Италия сохилларига тушаётганларни бирданига мухожир ёки қочқинлигини билиб бўлмайди. Шу сабабли улар билан бўлиб ўтадиган сухбатлардан сўнгина, ким мухожир, ким қочқинлигини аниқлаш мумкин. Бу эса халқаро ташкилотлар ва қабул қилаётган мамлакатлар олдидаги асосий муаммо саналади.

Шунга қарамай, БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси ҳам, Халқаро Миграция ташкилоти ҳам Европага келаётганларга, улар ҳоҳ қочқин, ҳоҳ мехнат мухожири бўлишидан қатьий назар, уларга нисбатан инсонпарварлик билан муносабатда бўлишга чақириб келади.

Европа Иттифоқи бир қатор инқирозларни енгиши керак бўлади. Шу ўринда давом этаётган евроинқироз, мухожирлар билан боғлиқ муаммолар ва террор хужумларини эслатиб ўтиш керак. 2016 йилда кўхна қитьага қанча мухожир келишини хозирча хеч ким билмайди. 2015 йилда бир миллион 200 минга яқин мухожир келгани айтилади. Буюк Британиянинг Европа Иттифқидан чиқиши билан боғлиқ масала хам асосий муаммолардан бири сифатида кўрилмоқда. Бу борадаги референдум 2017 йилга режалаштирилган. Аммо бу йил ўтказилиши эхтимолидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

19 сентябрда БМТ Бош Асамблеяси доирасида мухожирлар муаммасига бағишланган халқаро анжуман ўтказилиши кутилмоқда.

Бу йил мамлакатимиз пойтахти Тошкент ҳам халқаро мулоқотлар марказга айланиши шубхасиз.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тартиб-қоидаларига биноан ҳар йили аъзо мамлакатлардан бири унга раис бўлади. Ўтган йилнинг 9- 10 июль куни Уфада ташкилотнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Мазкур саммитидан кейин ШҲТга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтди. Таомилга биноан раислик қилувчи давлат ўз ҳудудида навбатдаги саммитни ташкил қилди. Шу йилнинг сентябрь ойида Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммитига Ўзбекистон мезбонлик қилади.

Шуни таъкидлаш керакки, ШҲТ ҳарбий ташкилот эмас. Бу ташкилот асосан аъзо давлатларнинг ҳавфсизлигини таъминлашга масъулдир. ШҲТнинг ўз олдига қўйган вазифалари барқарор тараққиёт ва фаровон истиқбол учун ҳамкорликда фаолият юритишдан иборатдир. Сўнгги вақтларда жаҳонда нуфузи ортиб бораётган Ташкилот ўз олдига урушлар ва ҳарбий-сиёсий тўқнашувлар хавфини даф этиб, тинчлик, фаровон ҳаётга эришиш каби улуғ мақсадни қўйган. Қароргоҳи Тошкентда бўлган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ўз меваларини бермоқда. Шу давр мобайнида МАТТ томонидан мингдан ортиқ террор ҳодисаларининг олди олинди. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистон ШҲТнинг барча аъзо давлатларида изчил ва барқарор иқтисодий-ижтимоий тараққиётни таъминлаш, аҳоли бандлиги масалаларини ҳал қилиш ва турмуш даражасини юксалтиришга кўмак берадиган ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида мазкур ташкилот кузатувчи мамлакатларининг ресурслари ҳамда бозорларидан янада фаолроқ фойдаланиш ва уларни жалб қилишни ёқлаб чиқаётганини таъкидлашмоқда. Ўзбекистоннинг ШҲТида раислик қилиши ушбу ташкилот ривожланишига ижобий туртки бўлиб хизмат қилишга, шу даврда ташкилотнинг халқаро алоқалари, унинг ҳуқуқий ва меъёрий асосларининг мустаҳкамланишига эътибор қаратилиши аниқ. Тахлилчилар томонидан Ўзбекистон ҳамиша ўзининг ШҲТдаги раислигига аниқ ва мувозанатлашган ёндашув билан қараши, мамлакатимиз мазкур ташкилотнинг нуфузини кўтариш мақсадида фаол ҳаракат қилиши таъкидланади.

Шарофидин Тўлаганов