Жаҳон | 12:01 / 13.01.2016
3707
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президенти Хитой КХДРга жавоб қайтаришда ҳал қилувчи роль ўйнашига умид билдирди

Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе КХДР томонидан ядро синови ўтказилганига халқаро ҳамжамият жавобида Хитой ҳал қилувчи роль ўйнашига умид билдирди, дея хабар тарқатди Reuters.

Унинг сўзларига кўра, Хитойнинг ушбу ролни ўйнашига БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолиги имкон беради.

Бундан ташқари, Жанубий Корея президенти Пхеньян бундан кейин ҳам ўз ташвиқотини давом эттириши мумкинлигини айтиб ўтди. Жумладан, Шимолий Корея кибертерроризм бўйича иш олиб бориши эҳтимоли мавжудлигига ишора қилди.

6 январь куни Шимолий Корея АҚШнинг таҳдидларидан ҳимояланиш учун ўз водород бомбасини яратганини маълум қилган эди. Бунга жавобан америкаликлар 10 январь куни Жанубий Кореяга Тинч океанининг Гуам оролидаги базасида турган атом бомбасини ташийдиган В-52 бомбардимончисини жойлаштирди.

Шунингдек, Сеул кучли карнай (калонка)лар ёрдамида Шимолий Корея режими танқид қилинган эшиттиришларни узатишни бошлади. Бу эшиттиришларни чегарадан 24 километргача масофада яшайдиган шимоллик корейслар тинглаяпти.