Жаҳон | 11:54 / 13.01.2016
6837
3 дақиқада ўқилади

Обама: Украина ва Сурия Россия таъсиридан чиқиб кетмоқда

АҚШ президенти Барак Обама Конгрессга қилган анъанавий йиллик мурожаатида Украина ва Сурияни Россия таъсирида бўлган, энди эса бу давлатлар Россиянинг иқтисоди қисқариши фонида унинг таъсиридан чиқа бошлаган давлатлар сифатида айтиб ўтди.

"Россия қийин иқтисодий аҳволда бўлишига қарамасдан, "ўз мижозлари" бўлган Сурия ва Украинани қўллаб қувватлашга маблағ сарфламоқда. Ушбу давлатлар эса Россиянинг кўз олдида унинг таъсиридан чиқиб кетмоқда", дейди Обама.

Шуни айтиш керак-ки, олдиндан эълон қилинган президент нутқида “мижоз” сўзи йўқ. Бу Обаманинг шахсий импровизацияси бўлди ва АҚШда кўплаб тушунмовчиликларни келтириб чиқарди.

Хусусан, Иллинойс штати конгрессмени Питер Роскэм бу борада ўз муносабатини билдирган.

“Бизнинг дўстимиз ва иттифоқчимиз Украина Россиянинг “мижози” деб аталиши, геосиёсий вазиятни тушунмаслик белгиси”, — дея ёзади у ўзининг Twitter аккаунтида.

Қайд этиш керакки, Украина ҳукумати ҳамда АҚШ ва Европа Иттифоқи Москванинг Киевнинг ички ишларига аралашишда айблаб келади. Россия бундай айбловларни инкор қилади ҳамда бу айбловлар "ҳақиқатга тўғри келмаслигини" билдиради.

Россия Украина жануби-шарқидаги мухолифат пайдо бўлишига ўзининг алоқадор эмаслигини, улар Украинанинг "янги миллатчи ҳукумати" хатти-ҳаракатидан норозилик эвазига вужудга келгани, Россия эса бу мухолифатга фақат инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб келишини маълум қилади.

Сурияга эса Россия 2015 йилнинг 30 сентябрида мамлакат президенти Башар Асаднинг илтимосига кўра кирган ва қонуний ҳукуматга ИШИД ва "Жибҳод ан-Нусра" гуруҳларига қарши курашда ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Шу билан бир вақтда, параллел равишда Сурия ҳудудида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция самолётлари ҳам жангариларнинг базаларини бомбалаб келмоқда. Икки томон бир-бири билан ҳамкорликда ҳаракат қилмайди. Россия томони АҚШ бошчилигидаги коалициянинг Сурияда ҳаракатланиши қонуний эмаслигини дастак қилиб келмоқда. Ғарбликлар эса Россияни ИШИДга қарши эмас, Башар Асад тузуми душманларига қарши курашаётганликда айблайди.