Спорт | 23:40 / 13.01.2016
9622
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ОТЖ 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатини мағлубият билан бошлади

13 январь куни Қатарнинг Доҳа шаҳридаги "Суҳейм бин Ҳаммад" стадионида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини Жанубий Корея ОТЖга қарши учрашув билан бошлади.

Ўйиннинг 17-дақиқасида ўйин бош ҳаками Фаҳад Ал Мирдаси Ўзбекистон термаси етакчиси Отабек Шукуровни тўпни қўл билан ўйнаганликда айблаб, 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Белгиланган пенальтидан Мун Чанг Жин унумли фойдаланди ва ҳисобни очди - 1:0.

Иккинчи бўлим бошида Мун Чанг Жин чап қанотдан бошланган ҳужумни ўнг қанотда якунлади, у ўткир бурчакдан дарозани ишғол қилди - 2:0.

56-дақиқада 2015 йил Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган Достонбек Ҳамдамов жарима майдони ташқарисидан туриб, чап оёғи билан чиройли гол урган ҳолда ҳисобни қисқартирди - 2:1.

72-дақиқада ўйин бош ҳаками майдон марказида рақиб футболчиси билан тўқнашиб кетган Жамшид Болтабоевга дарҳол қизил карточка кўрсатди. 10 киши бўлиб қолган Ўзбекистон вакиллари қолган дақиқаларда вазиятни ўзгартира олишмади ва дастлабки турда аламли мағлубият қайд этилди.

Гуруҳдаги иккинчи баҳсда Ироқ олимпиячилари Яманни 2:0 ҳисобида таслим қилишди. 2-турни Ўзбекистон ОТЖ 16 январь куни Ироққа қарши ўтказади. Жанубий Корея эса Яман билан куч синашади.

Жанубий Корея - Ўзбекистон 2:1
13 январь 2016. Доха. "Суҳайим бин Ҳамад" стадиони
Голлар: Мун Чанг Жин 20 пенальти, 48 - Достонбек Ҳамдамов 56
Жанубий Корея: 1.Ким Донг Жун, 7.Мун Чанг Жин (14.Ли Йонг Жаэ, 76), 8.Ли Чанг Мин (9.Ким Хюн, 87), 20.Хванг Хи Чан, 5.Йеон Жеи Мин, 4.Сонг Жу Хун, 2.Сим Санг Мин, 18.Жин Сеонг Ук (22.Квон Чанг Хун, 59), 3.Ли Сеул Чан, 10.Рю Сеунг Ву, 6.Парк Йонг Ву.
Ўзбекистон: 12.Абдумавлон Абдужалилов, 6.Максимилиан Фомин, 4.Жамшид Болтабоев, 6.Акром Комилов, 7.Владимир Козак, 8.Жавоҳир Соҳибов, 19.Отабек Шукуров, 10.Жамшид Искандеров (3.Сардор Раҳмонов, 55), 17.Достон Ҳамдамов (13.Ҳусниддин Ғофуров, 80), 23.Элдор Шомуродов (9.Жалолиддин Машарипов, 67), 11.Игорь Сергеев.
Четлатиш: Жамшид Болтабоев 72