Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат божхона қўмитасида “14 январь - Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди
Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 24 йиллиги муносабати билан ҳамда “14 январь - Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати Kun.uz`га хабар қилди. Унда қўмита Марказий аппарати ходимлари, божхона фахрийлари Тошкент шаҳри ва вилояти божхона бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Миллий кинология маркази, Олий ҳарбий божхона институтидан вакиллар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, “Бугун биз, миллий армиямиз тарихий ва миллий анъаналаримизни сақлаган ҳолда, ҳарбий қурилиш ва ҳарбий санъат соҳасида дунёдаги энг яхши тажрибаларни ўзлаштириб, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлашнинг ишончли кафолатига айланди, деб ғурур билан айта оламиз. Ўзбекистон Қуролли Кучларининг таянчи ва суянчи бўлган замонавий ҳарбий хизматчилар тимсолида биз авваламбор чуқур билим ва интеллектуал салоҳиятга, ўз муқаддас ҳарбий бурчини бажариш йўлида қатъий ирода ва мустаҳкам тайёргарликка эга бўлган, она юртимизга садоқатли, мард ва фидойи инсонларни кўрамиз ва улар билан ҳақли равишда фахрланамиз.”
Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раиси З.Дусанов сўзга чиқиб, Ватанимиз Қуролли Кучлари ўтган тарихан қисқа даврда мураккаб шаклланиш йўлини босиб ўтгани ва бугунги кунда сон жиҳатдан ихчам, ҳаракатчан, замонавий талабларга жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этаётгани хусусида тўхталиб ўтди.
Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ва бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари қаторида Давлат божхона қўмитаси ҳам давлатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат хазинасига божхона тўловларини ундириш каби муҳим вазифаларни шараф билан бажариб келмоқда.
Республикамизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида, божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини янада оширишда божхона назоратининг замонавий механизмлари ва ахборот - коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, божхона постларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, контрабанда ва божхона қонунлари бузилишига қарши курашишни кучайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Натижада, ўтган 2015 йилда божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 20 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 70 млрд. сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида ушлаб қолинди.
Шу билан бирга, хизмат фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, сидқидилдан ва виждонан хизмат қилаётган ходимларни муносиб рағбатлантириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. 2015 йил давомида Нукус, Термиз, Бекобод шаҳарларида, бу йилги Ватан ҳимоячилари куни арафасида эса Ангрен шаҳрида божхоначилар учун янги хизмат уйлари қурилиб фойдаланишга топширилди.

Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Президентимиз Фармони асосида юрт осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида садоқат билан хизмат қилаётган юртдошларимизнинг тақдирланиши эзгу анъанага айланган. Бу йил ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бири гуруҳи шарафланди ва улар орасида 2 нафар божхоначилар ҳам бор.
Жумладан, Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси катта тезкор вакили Бекзод Шукуров “Жасорат” медали билан ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармаси чегара-божхона пости контрабандага қарши курашиш гуруҳи катта тезкор вакили Шаҳбоз Разиков “Шухрат” медали билан тақдирланди.
Тадбир давомида давлатимизнинг юксак мукофотлари ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, хизмат фаолиятида ўрнак кўрсатиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари ҳам байрам муносабати билан тақдирланди.