Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Индонезия президенти Жакартадаги портлашларни теракт сифатида баҳолади
Индонезия президенти Жоко Видодо 14 январь кунининг биринчи ярмида мамлакат пойтахти Жакарта шаҳрида юз берган давомли портлашларни теракт деб атади. Бу ҳақда Франс Пресс хабар берган.
"Миллатимиз ва халқимиз қўрқмаслиги керак, террорчилик ҳаракатлари бизни мағлуб эта олмайди, умид қиламанки, жамиятда осойишталик сақланиб қолинади. Биз барчамиз бугунги воқеалар натижасида ҳалок бўлганлар учун таъзия билдирамиз. Хавфсизлик ва тинчлигимизни бузиб, одамларда қўрқув уйғотаётганларни эса қаттиқ қоралаймиз", - деди Видодо.
Бундан аввалроқ шаҳарда олтита портлаш қайд этилгани, улардан бири Sarinah номли савдо маркази, яна бири БМТ биноси ва Starbucks кафеси оралиғида содир бўлгани хабар қилинганди. Порлашлар рўй берган туманда ҳашаматли меҳмонхоналар, офис бинолари ҳамда бир қанча давлатларнинг элчихоналари жойлашган.
Охирги маълумотларга кўра, давомли портлашлар натижасида 6 киши ҳалок бўлган. Гувоҳлар портлашлардан кейин рўй берган отишма вақтида бир полиция офицери ўқ еб, ерга қулаганини кўришган.