Ўзбекистон | 22:11 / 15.01.2016
7543
2 дақиқада ўқилади

Шарқшунослик институтида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Тошкент давлат шарқшунослик институтининг Маданият саройида 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни институт ректори, филология фанлари доктори, профессор А.Маннонов очиб берди. У ўз табригида барчани Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан қутлади. Сўнг тадбирга таклиф этилган меҳмонлардан Ўзбек Миллий Академик драма театри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артисти Маҳмуд Исмоилов ва актриса Вазира Юнусовага сўз берилди. Маҳмуд Исмоилов ҳарбийлар ҳаётидан сўзлаб барчани табриклаган бўлса, Вазира Юнусова эса ижодидан бир парча – “Ўзимдан ўзимгача” фильмининг бир лавҳасини жонли ижрода талқин этиб берди.

Табриклар гулдастаси тугагач, “Шарқ филологияси” 4-босқич талабаси иқтидорли иллюзионист Дмитрий Поляков томонидан бир қатор фокуслар тақдим этилди.

Сўнгра Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти офицерига навбат берилди. Табрик сўзларидан кейин эса саҳнага ушбу билим юртининг ҳарбий оркестри таклиф қилинди. Оркестрнинг кайфиятни кўтарувчи мусиқалари тамомлангач, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти курсантлари томонидан тайёрланган мусиқий чиқиш бўлди. Уларнинг қурол билан бир хилда, чаққонлик, эҳтиёткорлик билан ишлаши ҳамманинг ҳавасини келтирган бўлса ажаб эмас. Шу билан бирга, курсантлар ўқув машғулотларидан тайёрланган қўл жанги саҳналарини намойиш этдилар.

Ҳарбий чиқишлар тугаллангач, “Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик” факультетининг 1-босқич талабаси томонидан “Эркак бўлиш мазза!” хажвий монологи ўқиб эшиттирилди. Тадбир сўнггида ёш иқтидорли хонандалардан бири Мухлис Бердиев ўз қўшиқлар гулдастаси билан барчани хушнуд этди.

 

 

 

Нафосат Зафарова,

ТДШИ “Камолот” ЁИҲ БТ кенгаши аъзоси

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш