Ўзбекистон | 11:15 / 16.01.2016
4497
2 дақиқада ўқилади

Эскирган, талабга жавоб бермайдиган асбоб-ускуналарни олиб келиш ва ишга тушириш юзасидан буюртмачиларнинг жавобгарлиги кучайтирилади

15 январь куни мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов эскирган, талабга жавоб бермайдиган асбоб-ускуналарни олиб келиш ва ишга тушириш юзасидан буюртмачиларнинг жавобгарлигини кучайтириш бўйича Маъмурий жавобгарлик кодексига ва Жиноят кодексига аниқ моддалар киритиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

“Илгари тушимизда ҳам кўрмайдиган инвестициялар, аввало, чет эл инвестицияларини иқтисодиётимиз тараққиётига жалб этар эканмиз, биз аввало, шулар ҳисобидан хориждан олиб келадиган техника ва технологиялар замон талабига жавоб берадиган энг юқори даражада бўлиши шарт”, - деди юртбошимиз.

Президентимизнинг сўзларига кўра, ўтган йили шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Янгидан қурилаётган ва реконструкция қилинаётган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни эксперт баҳолаш агентлиги ташкил этилди. Барча буюртмачиларнинг мазкур талабларга сўзсиз риоя этиши биринчи навбатда ушбу агентликдан қатъий талаб қилинади.

“Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси томонидан енгил ва тўқимачилик саноати корхоналарида ушбу масала ўрганиб чиқилганида, қатор жиддий камчиликлар борлиги аниқланди. Бундай текширувларни давом эттириш керак”, - дея алоҳида таъкидлаб ўтди Ислом Каримов.