Жаҳон | 17:13 / 16.01.2016
2907
1 дақиқада ўқилади

Мисрда юк машинаси тиркамасининг микроавтобуслар устига қулаши оқибатида 7 киши ҳалок бўлди

Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида юк машинаси тиркамасининг эстакада (йўл тепасига қурилган кўприк)дан йўловчи микроавтобуслари тураргоҳи устига қулаши оқибатида 7 киши ҳаётдан кўз юмди, яна 13 киши жароҳатланди. Бу ҳақда РИА “Новости” Мисрнинг “Масрави” янгиликлар порталига таяниб хабар қилди.

Йўл полицияси маълумотларига кўра, фожиа шанба, 16 январь куни эрта тонгда Қоҳиранинг Ал-Ғизо туманида ҳудудида рўй берган. Ҳодисага енгил автомобилнинг қурилиш материалларини ортиб кетаётган юк машинасини қувиб ўтгани сабаб бўлган.

Юк машинаси ҳайдовчиси тўқнашувдан қочиш учун ҳаракат йўналишини кескин ўзгартирган. Натижада бошқа юк машинаси билан тўқнашиб кетган.

Зарба натижасида ажралиб кетган тиркама эстакададан микроавтобуслар тураргоҳидаги икки микроавтобус устига қулаб тушган. Оқибатда етти киши қурбон бўлди, 13 киши жароҳатланди. Уларнинг барчаси маҳаллий фуқаролардир.