Технология | 08:47 / 16.01.2016
3164
2 дақиқада ўқилади

Xiaomi 2015 йилда смартфонларни сотиш режасини амалга ошира олмади

Хитойлик ишлаб чиқарувчи Xiaomi 2015 йилда 70 миллион смартфон сотди ва шунда ҳам қурилмаларни сотиш бўйича шахий прогнозини амалга ошира олмади, дея хабар бермоқда Bloomberg.

2014 йил охирида Xiaomi бош директори 2015 йилда савдоларни беш маротаба ошириш ва 100 миллион дона смартфон даражасига етказиш мақсадини белгилаган эди. Бироқ Хитой иқтисодиёти ўсиш суръатларининг пасайиши туфайли бу прогноз 80 миллион дона смартфонгача туширилган.

Экспертларнинг сўзларига кўра, Хитойда ишлаб чиқарилган бюджет маркаларининг кучайган рақобати Xiaomi савдоларига катта таъсир кўрсатди.

“Ўзимизга 80 миллион донани белгилаб олган эдик, кутилмаганда бу мақсад мажбуриятимизга айланди. Бу босим остида ўзгариб қолдик, ходимларимиз вақт ўтиши билан умуман табассум қилмай қўйишди. Шунинг учун 2016 йилдаги мақсадимиз бахтиёр бўлишга интилишдир”, - дея қайд этган компания асосчиси Лэй Цзюнь.

Бундан аввалроқ, Xiaomi компанияси Африка мамлакатларида смартфонлари савдоси бошлаши ҳақида хабар берилган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш