Жамият | 13:16 / 18.01.2016
4151
2 дақиқада ўқилади

Британиялик одам банк картаси маълумотларини Twitter’да эълон қилиб, тармоқ фойдаланувчиларини ҳайрон қолдирди

Январь ойининг ўрталарида лондонлик Лиам Кетли ғалати ҳаракати билан барчани ҳайрон қолдирди: Twitter орқали HSBC банкининг расмий аккаунти билан ёзишма олиб бораркан, банк картаси ҳақидаги барча маълумотларни, шу жумладан, рақами, пин-коди, хавфсизлик коди ва амал қилиш муддатини эълон қилди.

Бир неча соат ичида ёзув юзлаб ретвитларга эга бўлди. Айримлар ижтимоий медиа мутахассиси бўлиб ишлайдиган бу шахснинг ёзувини социологик тажриба деб баҳолади.
Шунингдек, Кетли 12та якунланмаган карта операцияларини аниқлаганини маълум қилди ва бу билан микроблог фойдаланувчиларининг диққатини яна тортди. Аммо банк вакиллари масалага жиддий қараб, фойдаланувчига Twitter’нинг оммавий платформа эканлигини эслатиб қўйишди.

Кетли бу масалада изоҳ беришдан бош тортиб, аккаунтини ёпди ва ўз фотографиясини мушукнинг суратига ўзгартириб қўйди.
Банк вакили эса бундай хатти-ҳаракатнинг нотўғри бўлганлигини таъкидлаб, банк ҳеч қачон карта ҳақида маълумот сўрамаслигини эслатиб ўтди.