Жаҳон | 17:23 / 18.01.2016
4714
2 дақиқада ўқилади

Сурия ҳудудидан отилган снаряд Туркиядаги мактаб яқинида портлади ва 2 киши ҳалок бўлди

Сурия ҳудудидан Туркия жанубидаги Килис вилоятига қарата отилган снаряднинг портлаши натижасида, икки киши оламдан ўтди ва тўрт киши жароҳатланди. Бу ҳақда Haberturk хабар берган.

Хабар қилинишича, жами иккита снаряд портлаган. Улардан бири, машғулот ўтказилаётган мактаб ҳовлисига келиб тушган.

"Бугун эрталаб иккита снаряд портлади — улардан бири мактаб ҳовлисига, иккинчиси сал наридаги кенг майдонга келиб тушган. Снарядлар сони ундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Улар Суриядан отилган, деб тахмин қилинмоқда. Тўрт киши жароҳатланган. Жабрланувчилар маҳаллий шифохонага ётқизилган. Снаряд тушган мактабда эвакуация ишлари амалга оширилди. Тумандаги бошқа мактабларда ҳам шундай ишлар амалга оширилмоқда", — деди шаҳар мэри NTV телеканали эфирида.

Мэр Туркия ОАВларида ёзилгани каби, портлаш натижасида икки киши ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқламади. У ҳозирда хавфсизлик бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳақида айтиб, маҳаллий аҳолидан ваҳимага тушмасликни сўради.

Ҳодиса рўй берган жойга кўплаб тез тиббий ёрдам машиналари ва полициячилар етиб келишган. Тергов ишлари бошлаб юборилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш