Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ўзметкомбинат” АЖ 760 млн долларлик лойиҳаларни амалга оширишни бошлайди
“Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ (“Ўзметкомбинат”, Тошкент вилояти, Бекобод) 2016 йилда умумий қиймати 760 млн долларни ташкил қилувчи лойиҳаларни амалга оширишни бошлайди, деб хабар бермоқда корхона вакили.
“Ҳукумат биз жорий йилда амалга оширишни бошлайдиган 7 та лойиҳа рўйхатини тасдиқлади”, деб айтди вакил.
Хусусан, комбинат 2016 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Тебинбулоқ титан-магнетит рудалар кони негизида қазиб олувчи мажмуа қурилишини бошлашни режалаштирмоқда. Дастлабки қиймати 600 млн долларни ташкил қилувчи бу лойиҳа 2021 йилгача ҳар йили 500 минг тонна пўлат маҳсулотни ишлаб чиқарувчи қувватлар ва металлургик мажмуани яратишни кўзда тутади.
“Ўзметкомбинат”, шунингдек, Марказий Қизилқумлардаги конлар негизида ферроқуймалар ишлаб чиқариш корхонасини яратишни бошлайди. 2017 йилда корхона ҳар йили 15 минг тонна ферросилиций ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни, 2018 йилда 10 минг тоннагача ферросиликомарганец ишлаб чиқарувчи корхонани ишга туширишни режалаштирмоқда.
Импорт ўрнини босиш дастури доирасида корхона жорий йилда “300” станида йилига 100 минг тонна чивиқ пўлат ҳамда пўлат арқон, шина ишлаб чиқариш саноати учун металлокорд ва машинасозлик саноати учун маҳкамловчи деталларни ишлаб чиқарувчи лойиҳаларни ишга туширади.
“Ўзметкомбинат” АЖ Ўзбекистондаги энг йирик қора металлургия корхонаси ҳисобланади. Комбинатга 1956 йилда асос солинган. 2014 йил натижаларига кўра, комбинат 751,4 минг тонна пўлат, 725,2 минг тонна қора металл прокати ишлаб чиқарган. 2015 йил бўйича комбинат ишлаб чиқариш ҳажми ҳали маълум қилинмади.