Иқтисодиёт | 00:34 / 19.01.2016
3891
2 дақиқада ўқилади

General Electric маиший техника ишлаб чиқарувчи бўлимини Хитойнинг Haier компаниясига 5,4 млрд долларга сотмоқда

General Electric (GE) компанияси Qingdao Haier Co Ltd компанияси билан ўзига тегишли маиший техника ишлаб чиқариш бизнесини 5,4 млрд долларга сотишга келишиб олди. Аввалроқ GE’нинг бу бизнесига Швециянинг Electrolux компанияси қизиқиш билдираётган эди. Швед компанияси унга 3,3 млрд доллар таклиф қилганди, бироқ АҚШ антимонопол идоралари қаршилиги сабабли битим тузилмаганди. Шанхайда жойлашган Qingdao Haier Co. компаниясининг 41 фоиз акцияси Haier компаниясига тегишли.

Агар АҚШ антимонопол идоралари ва Хитойнинг ривожланиш ва ислоҳотлар давлат қўмитаси томонидан эътирозлар билдирилмаса, битимни жорий йилнинг ўрталарига якунлаш режалаштирилмоқда. Шундан кейин Хитойнинг Haier компанияси GE Appliances брендидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бўлимнинг бош қароргоҳи аввалги жойи Луисвиллда қолаверади.

GE’нинг маълум қилишича, битим қиймати GE Appliances охирги 12 ой ичида солиқлар, фоизлар, эскириш ва амортизация харажатлари чиқариб ташлангандан кейин олган даромадидан 10 марта кўпроқни ташкил қилади.