Ўзбекистон | 14:29 / 19.01.2016
4231
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон шаҳрида “Оила” савдо маркази фойдаланишга топширилди

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида “Оила” савдо маркази фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хабарда келтирилишича, Зарафшон шаҳрида 2015 йилда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 81 лойиҳа амалга оширилиб, 118 янги иш ўрни яратилди. Замонавий кўринишда барпо этилган “Оила” савдо маркази жорий йилда бу йўналишдаги дастлабки лойиҳалардан бири бўлди.

– Марказ фаолиятини йўлга қўйишда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Зарафшон филиалидан олинган 330 миллион сўмлик кредит маблағи қўл келди, – дейди “ДЭФДШ” масъулияти чекланган жамияти директори Шерзод Исматов. – Бу ерда аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган кундалик маҳсулотлар кенг ўрин олган. Энг муҳими, коллежни битирган бир неча ёшлар иш билан таъминланди. Мамлакатимизда аҳоли фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларга ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз.

Тадбиркор сервис соҳасини янада ривожлантириш мақсадида нон ва қандолат маҳсулотлари цехи, ошхона фаолиятини йўлга қўйишни ҳам режалаштирмоқда. Бу яна 5 янги иш ўрни яратиш имконини беради.