Жаҳон | 18:13 / 20.01.2016
4212
2 дақиқада ўқилади

Британияда сўзни хато ёзган мактаб ўқувчиси экстремизмда гумонланди

Британиянинг Ланкашир графлигида яшовчи 10 ёшли мусулмон ўқувчи террористик тармоқларга алоқадорликда гумонланиб сўроқ қилинди. Бунга унинг мактабда инглиз тили дарсида йўл қўйган хатоси сабаб бўлди, дея хабар бермоқда BBC News.

Мусулмон оиласидан бўлган болакай таунхаус (terraced house)да яшашини ёзиш ўрнига террористлар билан (terrorist house) истиқомат қиламан, деб ёзиб юборган. Кейинги куни тартибни сақлаш ходимлари ўқувчини сўроқ қилиб, унинг ноутбукини текширишди.

Боланинг ота-онаси ҳодисадан ҳайратга тушгани, мактаб ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан кечирим сўрашини кутаётганларини маълум қилишди. Уларнинг айтишича, инглиз тили ўқитувчиси болада имло бўйича муаммо борлигини билган.

Хабарларга кўра, ҳодиса 7 декабрь куни бўлиб ўтган, бироқ ота-она эндигина бу ҳақда маълум қилишган.

The Guardian маълумотига кўра, 2015 йилда Британияда аксилтеррор стратегия ишлаб чиқилган бўлиб, маҳаллий ҳукуматлар, қамоқхона ва мактаблар экстремизмнинг эҳтимолий таҳдидлари ва радикал қарашлар тўғрисида полицияга хабар беришлари лозим. Ўтган йилнинг январь-октябрь ойларида британ тартибот ходимлари томонидан 1355 нафар вояга етмаган сўроқ қилинган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш