Жамият | 09:04 / 20.01.2016
11974
1 дақиқада ўқилади

Олимлар: одамларнинг уйларида 500дан зиёд турдаги ҳашоратлар яшайди

Тадқиқотчилар одамларнинг уйларида 500дан зиёд турдаги бўғимоёқлилар (ҳашоратлар, қисқичбақасимонлар, ўргамчаксимонлар ва кўпоёқлилар) яшашини ҳисоблаб чиқишди. Ушбу изланишга бағишланган мақоланинг тўлиқ матни PeerJ журналида чоп этилди.

Олимлар 2012 йилнинг май ойидан октябригача АҚШдаги бир-биридан олисда жойлашган 50та уйга ташриф буюришади. Изланишлари мобайнида олимлар ўзлари топишга муваффақ бўлган барча жонли мавжудодлар намуналарини тўплашди.

Мутахассислар жами бўлиб 304 оилага мансуб 579 турдаги бўғимоёқлиларни топишди. Ҳар бир уйда ўртача юз хил турдаги жонли мавжудод одамлар билан бир қаторда кун кечириши аниқланди. Хилма-хиллик эса ҳар бир уйга 24-128 оилага мансуб 32-211гача турдаги ҳашоратларни ташкил этди.

Энг кўп тарқалган турлар сифатида эса чивинлар, ўргимчаклар, қўнғизлар, чумолилар яшар экан. Олимларнинг қайд этишича, аксарият ҳашоратлар инсонлар билан тинчликда қўшничилик қилиб, уларга ҳеч қандай зиён етказмайди.