Ўзбекистон | 19:38 / 20.01.2016
3857
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2015 йилда Россия инвестициялари иштирокида 91 та янги корхона ташкил этилди

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси 20 январда эълон қилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2015 йилда Россия инвестициялари иштирокида 91 та корхона ташкил этилди, бу ўтган йил якунларига кўра иккинчи кўрсаткич бўлди. 2014 йилда бу рўйхатга 69 та корхона киритилганди.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2015 йилда хорижий капитал иштирокидаги 494 та корхона рўйхатдан ўтказилди. 2014 йилда бундай корхона 433 тани ташкил қилганди. Бу борада Хитой инвестициялари иштирокида тузилган корхоналар етакчилик қилмоқда, бундай корхоналар 103 тани ташкил қилган. Шунингдек, етакчи учталикка Жанубий кореялик ҳамкорлар иштирокида тузилган корхоналар кирган, уларнинг сони 53 тани ташкил қилди.

Россия бизнеси 2015 йилда Ўзбекистон саноатида 24 та, савдода 14 та, қурилишда 11 та, транспорт ва алоқада 10 та ва ишлаб чиқариш соҳасида 32 та янги корхона яратди.

2016 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокида тузилган 4,8 мингдан кўпроқ корхона фаолият юритмоқда, улардан 900 га яқини Россия капитали иштирокида яратилган.

Россия Ўзбекистоннинг энг йирик инвестицион ҳамкори бўлиб қолмоқда, Россия компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялари охирги йилларда 6 млрд доллардан ошиб кетди.

Россия берган маълумотларга кўра, 2015 йилнинг 9 ойи давомида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 29,2 фоизга, яъни 2,14 млрд долларгача камайиб кетган. Жаҳон бозорларидаги ноқулай шароитларга қарамасдан, Россия улушига Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасининг деярли 25 фоизи тўғри келади.