Жамият | 13:28 / 20.01.2016
3889
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистон махсус хизматлари банклардан бири 52.6 млн доллар пулни “ювиш”да иштирок этганини аниқлади

Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси Ўш вилояти бўйича бош бошқармасининг аксилкоррупцион хизмати мамлакат ҳудудига ноқонуний олиб кирилган пулларни легаллаштириш фактларини фош этди. Бу ҳақда 20 январда идора томонидан тарқатилган хабарномада айтилди.

Айтилишича, оператив қидирув тадбирлари давомида банк соҳасида амалга оширилган коррупцион жиноятлар аниқланган. “Аманбанк” Ўш филиалининг икки ишчиси ноқонуний пулларни бошқа давлатларга ўтказиш каналини яратишган.

Пора эвазига улар республикага ноқонуний кириб келган пул маблағларини чет элга йўллаган. Бундай операцияларни амалга ошириш учун жиноятчилар “Беркут Строй” корхонасини рўйхатга олиб, унинг ҳисоблари орқали 2014 йилнинг январь-октябрь ойларида 4.43 млрд сом (52 млн доллар) ўтказган.

Аммо маҳаллий солиқ рўйхати жойига “Беркут Строй” 2014 йил учун нолли кўрсаткичлар билан ҳисобот топширган.Воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Суриштирув давом этмоқда.