Спорт | 13:25 / 20.01.2016
4302
1 дақиқада ўқилади

Хорхе Вальдано: Аввал Неймар ўйини билан Мессига хизмат қилар эди, ҳозир эса у ўзини барчадан зўр деб билади

"Реал"нинг собиқ бош директори Хорхе Вальдано "Барселона" ҳужумчиси Неймарнинг ўйини ривожланишига баҳо берди. Унинг фикрича бу ёш бразилиялик футболчи келажакда "Олтин тўп"ни қўлга киритади.

"Неймар йилдан-йилга кучайиб бормоқда. У кейинги 3 йил ичида ўз "Олтин тўп"ини олади.
"Барселона"даги биринчи мавсумида у Мессининг хизматкори эди. Иккинчи мавсумда у Леонинг шеригига айланди. Ҳозир эса майдонда эркин ҳаракат қилиши мумкин, чунки у ўзини юлдуз деб ҳисоблаяпти.

Уч йилдан сўнг Неймар боши узра "Олтин тўп" совринини кўтаради.

У майдонда футболдан роҳат олаётган инсон кўринишида. Унинг ўйини барчани мафтун этмоқда. У ўзининг юксак техникаси билан ҳақиқий артистлар каби таассурот қолдирмоқда.

У оригинал, чиройли бўлиш билан биргаликда фойдали ўйин кўрсатади", дейди Вальдано.