Иқтисодиёт | 21:06 / 21.01.2016
10055
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон компаниялари 2016 йилда Қандим лойиҳаси учун 108,8 млн доллар йўналтиради

"Ўзбекистон темир йўллари" ОАЖ Россиянинг ЛУКОЙЛ компанияси билан ҳамкорликдаги Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилишида иштирок этиб, Бухоро вилоятидаги бу ҳудудга 50 млн доллар сарфлаб, темир йўл ўтказади. "Ўзбекэнерго" эса бу лойиҳани электр билан таъминлаш ишлари доирасида 58,5 млн доллар йўналтиради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 8 сентябрдаги Россиянинг “Лукойл” компанияси томонидан тақдим этилган газни қайта ишлаш заводи комплексини қуриш ва Қандим гуруҳи конларини жиҳозлашнинг техник-молиявий асосларини тасдиқлаш бўйича қарорига мувофиқ, 2016 йилнинг охиришача "Ўзбекистон темир йўллари" ОАЖ газни қайта ишлаш заводи ҳудуди билан боғловчи 48,7 км узунликдаги темир йўл ўтказиши белгиланган. Шунингдек, "Ўзбекэнерго" ОАЖ 90 километрлик электр узатиш линияси (220 кВ) қуриши кўзда тутилган. Бу ишларга жами 108,8 млн доллар йўналтиради.

2015 йилнинг февралида Россиянинг «Лукойл» компанияси Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering компанияси бошчилигидаги пудратчилар консорциуми билан Ўзбекистондаги Қандим газни қайта ишлаш мажмуасига ускуналар етказиб бериш ва қурилишда иштирок этиш бўйича шартнома имзолаганди.

Қандим газни қайта ишлаш заводининг биринчи навбати 2018 йилнинг 1 июлигача ишга туширилади.

Йилига 8,1 миллиард метр куб газ ишлаб чиқара оладиган мажмуа Бухоро вилояти ҳудудидаги Қандим газ конлари гуруҳидаги олтингугурт ва водородли табиий газни қайта ишлаб, тозаланган табиий газ, барқарор газ конденсати, шунингдек олтингугурт олиш имконини беради.

Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилишининг техник-иқтисодий асоси тасдиқланган.

Ҳужжатда таъкидланишича, лойиҳа уч босқичдан иборат бўлади.

Лойиҳанинг биринчи босқичида (2015-2018 йиллар) 77та лойиҳавий қудуқни жиҳозлаш, қудуқлар гуруҳини жойлаштириш учун 6та махсус майдон, 2та йиғиш пункти, газ экспорти қувурлари, навбатчилар шаҳарчаси, ташқи инфратузилма объектлари, Қандим гуруҳи конларида йиллик ҳажмда 7,819 миллиард куб метр товар гази, 134,36 минг тонна барқарор конденсат ва 212,9 минг тонна бирламчи хом ашё ишлаб чиқарувчи газни қайта ишлаш заводини барпо этиш кўзда тутилган. 2018 йил декабрида объектларни ишга тушириш режалаштирилган.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи (2020-2029)да 21та лойиҳавий қудуғини жиҳозлаш, қудуқлар гуруҳини жойлаштириш учун 2та махсус майдон, 2та компрессорли сиқиш станцияси ва транспорт инфратузилмалари объектларини қуриш кўзда тутилган.

Учинчи босқичда эса 2028-2032 йилларда Ҳожи, Ғарбий Ҳожи, Оққум-Парсанкўл конларида 16та лойиҳавий қудуқ 3та махсус майдон, 2та йиғиш пункти ва 2та компрессорли сиқиш станцияси бунёд этилади.

Hyundai Engineering Co., Ltd. компанияси билан Lukoil Uzbekistan Operating Company МЧЖ ўртасида ускуналар етказиб бериш, газни қайта ишлаш заводи комплексини қуриш ва Қандим конлари гуруҳини ободонлаштириш тўғрисида барча ишларни тайёр ҳолда топшириш шарти билан, умумий қиймати 2,662 миллиард долларлик шартнома тузилган.

Қандим газни қайти ишлаш заводининг қурилиши «Лукойл»нинг Ўзбекистондаги энг йирик инвестиция лойиҳаси бўлади. Бунинг учун 2000та янги иш ўрни яратилади, қурилиш юқори даражага чиққанда 10 мингга яқин ишчи жалб этилади. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши ва қурилиш учун ишчи ҳужжатларни Hyundai Engineering компанияси ишлаб чиқади.

ЛУКОЙЛ раҳбарияти хитойликлар бу лойиҳанинг 30 фоизлик қисмини харид қилишга қизиқиш билдиргани тўғрисида маълум қилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш