Ўзбекистон | 11:57 / 21.01.2016
12477
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик талаба Японияда ўтказилган Япон тили нотиқлик санъати беллашувида биринчи ўринни қўлга киритди

Япониянинг Токио халқаро университетида хорижлик талабалар ўртасида анъанавий Япон тили нотиқлик санъати беллашув тадбири ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz сайти хабар бермоқда.

Япон тили нотиқлик санъати беллашувида ўз она тили япон тили бўлмаган, яъни хориж давлатлари вакиллари қатнашиб, япон тилида нутқ сўзлашлари талаб этилади. Бу йилги тадбир учун Токио халқаро университетида таҳсил олаётган 15 нафар иқтидорли талаба танлаб олинди. Улар ичида Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Осиё давлатларидан вакиллар бор эди. Ўзбекистонлик ёшлардан бири, Халқаро иқтисодиёт факультетининг 3-босқич талабаси Нозима Зокирова ҳам беллашувда дунё ёшлари қаторида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Беллашув якунида Токио халқаро университети президенти, университет деканлари ва хориж давлатларидан келиб таҳсил олаётган ёшларга япон тили ва маданияти дарсидан сабоқ берувчи япон педегоглари қатнашчиларни қизғин муборакбод этиб, диплом ва совғаларни ғолибларга топширдилар.

Маълумот учун, Токио халқаро университетида ҳозирда 10 нафарга яқин ўзбекистонлик талабалар Халқаро иқтисодиёт, Бизнес ва халқаро муносабатлар факультетларида бакалавр ва магистрлик босқичларида грант асосида таълим олишмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш