Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қуёш тизимида Ердан ўн баробар катта бўлган янги сайёра кашф қилинди
2016 йил 20 январь санасида Пасаденадаги Калифорния Технология Университети олимлари Майкл Браун ҳамда Константин Батигин томонидан АҚШнинг «Астрономик журнал»да шов-шувли чиқиш қилинди, дея хабар бермоқда Orbita.uz. Олимларнинг ишонтириб таъкидлашича, Қуёш тизимининг энг четки қисмида, Плутон орбитасидан нарида, янги сайёра кашф қилинган.
Ушбу сайёрани ҳозирча ҳеч ким кўрмаган. Яъни уни олимлар ўзига яқин бошқа осмон жисмларига кўрсатаётган гравитацион таъсири орқали билвосита аниқлашган. Ҳозирча номланмаган ва расман тасдиқланмаган ушбу сайёранинг ўлчамлари Нептун ҳажмига яқин деб баҳоланмоқда.
Унинг массаси ҳам Ер массасида деярли 10 баробар катта экани маълум. Унинг Қуёш атрофидан тўлиқ айланиб чиқиш даври 15000 йил деб ҳисобланмоқда. Тузилишига кўра ушбу сайёра ҳам Нептун, Сатурн, Юпитер ва Уран сингари газ-гигантлари туркумига киради.
Олимларнинг фикрича, ушбу сайёра Қуёш тизими энди-энди шаклланаётган вақтда, яъни бундан 4.5 миллиард йил муқаддам Қуёш тизимининг энг четки қисмига улоқтириб юборилган ва ўша жойда қолиб кетган. Ушбу сайёранинг Қуёшга энг яқинлашган масофаси 200 астрономик бирлик бўлиб, бу Нептунгача бўлган масофадан 7 баробар олисдир. Браун ва Батигиннинг хато қилиш эҳтимоли атига 0.007% деб баҳоланмоқда.
Энди ушбу кашфиётнинг расман тасдиқланишини кутиш керак. Бу эса яқин 5 йил ичида юз бериши кутилмоқда. Расмий тасдиқ учун ушбу сайёрани астрономлар телескоп орқали кузатишга муваффақ бўлишлари лозим. Бу мақсад учун кашфиётчи олимлар Браун ҳамда Батигин Гавайи оролларида жойлашган Японияга тегишли «Субару» телескопини ижарага олиб қўйишди.
Эслатиб ўтамиз, 1846 йилда худди шундай йўсинда, яъни, аслида ҳали ҳеч ким телескопда кўрмаган номаълум сайёранинг бошқа осмон жисмларига (айнан айтганда Уран сайёрасига) гравитацион таъсири орқали янги сайёра – Нептун кашф қилинган эди. Ушбу кашфиётни фаранг астрономи Урбан Левере амалга оширган бўлиб, у математик ҳисоб-китоблар орқали янги сайёранинг орбитасини, массаси ва осмоннинг қайси қисмида эканини аниқ айтиб бера олган.
Лекин бу вақтларда олимлар ихтиёрида Нептунни кўра оладиган кучли телескоплар бўлмаган. Шу сабабли олимнинг кашфиётини телескоп орқали кўз билан кўришгунча анча вақт ўтган. Нептунни 1846 йилнинг 23 Сентябр куни Берлин расадхонасида бошлиқ Иоганн Энке ҳамда унинг шогирди Генрих дъАрре телескопда, Левере ҳисоблаган нуқтадан атига 1° фарқ билан аниқ кўришган.