Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда 2015 йилда 600 га яқин тамаки контрабандаси ҳолати қайд этилди
Тошкент шаҳри божхона бошқармаси ходимлари бир йил ичида 10 млрд сўмлик 600 га яқин тамаки контрабандаси ҳолатининг олдини олишди, деб хабар берди Sputnik нашри мухбирига бошқармадаги манба.
Манбанинг айтишича, халқаро бозорга борган сари кўп миқдорда контрабанда тамаки кириб бормоқда. Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши, сақланиши ва сотилиши бўйича қатъий назорат ўрнатилган, барча тамаки маҳсулотлари маркировкаланиши лозим. Шунингдек, Ўзбекистонга акциз маркаларсиз сигарет олиб кириш тақиқланган.
Манбанинг таъкидлашича, контрабанда сигареталар нархини пасайтириб, солиқ солиш тизимига жиддий путур етказади. Арзон сигареталар эса ёшлар учун ҳамёнбоп бўлиб қолади.
“Шунингдек, контрабанда туфайли тамакига қарши кураш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа дастурларни молиялаштиришнинг муҳим ресурси ҳисобланадиган давлат бюджети даромадлари камаяди”, деб қўшимча қилмоқда манба.
Жумладан, “Келес” темир йўл божхона пости ходимлари Россиядан келган поездни текширишганда фуқаро Алимов ёнидан Parliament маркасидаги 2 мингта қути сигарет аниқлашди. Қоидабузар божхона декларациясида деярли 29 млн сўмлик сигарет маҳсулотини кўрсатмаган. Бу сигаретларда тегишли маркировка ҳам мавжуд бўлмаган.
Шунга ўхшаш қоидабузарликлар бўйича тергов тадбирлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, жисмоний шахсларга республикага эркин тарзда 10 қути тамаки маҳсулоти олиб киришга рухсат берилган.