Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Америка қорбўронлар штатларига айланмоқда
Айни дамда Атлантика океаннинг ҳар икки томонида қорбўронлари кузатилмоқда. Метеорологларнинг фикрича, ўтган 2015 йил кузатувлар олиб борилаётган даврдан буён энг иссиқ йил бўлган. Сўнгги бир йилда Шимолий ярим шарда ҳарорат 0,2 даражада исиган. Бу каби глобал иқлим ўзгариши шу кунга қадар қайд этилмагани тан олинмоқда. Олимларнинг фикрича, 2016 йил янада иссиқ бўлиши мумкин. Қиш фаслида Европа ва АҚШдаги ғайритабиий қорбўронларини кўриб, ёз фаслида кунлар исиб кетишига ишониш мумкин. Атлантика океанининг ҳар икки қирғоқларида кузатилаётган ғайритабиий қорбўронларига ҳаво оқими йўналишининг ўзгаргани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Янги йил кириб келиши билан АҚШнинг шимолий-ғарбий минтақалари кучли қорбўронлари қуршовида қолди. Мамлакатнинг нисбатан иссиқ бўлган Шарқий соҳилларида ҳам кунлар совиб кетди. Қорбўронлари яқинлашаётгани боис АҚШ авиакомпаниялари бугун минглаб самолёт парвозларини бекор қилди. United Airlines авиакомпанияси мамлакатнинг Ўртаатлантика минтақасига амалга оширилиши кутилган барча парвозлар маҳаллий вақт билан соат 16.00дан бошлаб бекор қилинганини билдирди. Бошқа - American Airlines, Southwest Airlines ва Delta авиакомпаниялари ҳам худди шу каби йўл тутиши аниқ. Ўнлаб аэропортлар, жумладан Вашингтон ва унинг атрофидаги минтақаларда жойлашган аэропортлар об-хаво яхшилангунга қадар парвозлар бекор қилиниши борасида йўловчиларни огоҳлантирди. Бу каби ҳолатларда йўловчилар чипталарини қайтаришлари ёки бошқа кунга алмаштиришлари мумкин.
Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, жума ва шанба кунлари АҚШда кучли қорбўронлари юз беради. Бир қатор минтақаларда 60 сантиметргача қор ёғиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу каби ҳодиса 1922 йилдан бери шу кунга қадар кузатилмаган эди. Энг кўп қор Вашингтонга тушади. Шунингдек, Нью-Йорк, Филадельфия, Балтимор ва Шарлот шаҳарлари ҳам табиат инжиқликлари билан тўқнаш келиши кутилмоқда. Вашингтон мэри Мюриел Баузер шахарда душанбага қадар фавқулодда ҳолат жорий қилди. Виржиния ва Мэриленд штатларида ҳам шу каби чоралар кўрилди.
АҚШ миллий гвардияси (ички қўшинлари) Виржиния штатида юз берадиган қорбўронлари талофатларини бартараф этишга жалб қилинади. Бу ҳақда Пентагон расмийлари баёнот билан чиқди. Виржинияда табиий офатга қарши Миллий гвардиянинг 500га яқин ходими жалб қилинадиган бўлди. Улар одамларни хавфсиз жойга олиб чиқиш, йўлларни қулаб тушган дарахтлардан тозалаш, жабрдийдаларга озиқ-овқат тарқатиш билан шуғулланадилар. Сўнгги бор Миллий гвардия 2015 йил март ойида шу каби ишларни бажарган эди.

Вашингтон расмийлари кучли қорбўронлари вақтида шаҳар метроси ва автобуслари ҳаракатини вақтинча тўхтатиш борасида қарор қабул қилди. Вашингтон транспорт бошқармаси эълон қилган баёнотда айтилишича, автобуслар жума куни маҳаллий вақт билан соат 17.00дан бошлаб ҳаракатларини тўхтатади. Метро эса 23.00да беркитилади. Йўлларни қалин қор қоплагани боис транспорт дам олиш кунлари деярли ишламайди. Вашингтон метрополитенида поездлар нафақат ер остида, балки ер устида хам ҳаракатланади.
Вашингтон субтропик минтақада жойлашган бўлиб, тез-тез, шу билан бирга кучли қорбўронлари бўлиб туради. Кучли қорбўронлари вақтида одатда мактаб ва муассалалар беркитилади.
Пойтахт атрофидаги йўллар деярли бўшаб қолди. Расмийларнинг маслаҳатларига амал қилаётган ҳайдовчилар имкон қадар шахсий автомобилларидан фойдаланмасликка, яъни эҳтиёж туғилмаганда музлаб қолган йўлларда юрмасликка ҳаракат қилишмоқда.
Вашингтон ва унинг атрофида истиқомат қилувчилар ўз эҳтиёжлари учун махсулотларини ғамлаб қўйишга уринмоқда. Улар биринчи галда, сув, озиқ-овқат, электр манбаидан маҳрум бўлишганида керак бўладиган қўл чироқларини харид қилишмоқда.
Дўконларнинг пештахталари пайшанба куни деярли бўшаб қолган. Шунингдек, қорларни тозалашда ишлатиладиган куракларнинг ҳам бозори чаққон.
Вашингтонда душанбадан бошлаб кунлар исиб, қорлар эриб кетиши кутилмоқда. АҚШ Миллий метеорология хизмати тахминларига қараганда, қорбўронлари оқибатида 1 миллиард доллар миқдорида иқтисодий зарар кўрилиши мумкин.
Коммунал хизматлар йўл ва кўчаларни қорлардан тозалаш масаласини хозирданоқ ўйлай бошлаган.
Ш.Тўлаганов