Жамият | 16:03 / 22.01.2016
4200
2 дақиқада ўқилади

«Аватар – 2» картинасининг чиқиши муддати номаълум муддатга қолдирилди

Режиссёр Жеймс Кэмероннинг «Аватар – 2» картинаси чиқиши муддати номаълум муддатга қолдирилди. Бу ҳақда The Wrap нашри хабар тарқатди.

Манбага кўра, фильм даставвал 2017 йилнинг рождество байрами арафасига экранга чиқиши режалаштирилганди. Эндиликда фильм мазкур муддатгача тайёр бўлмаслиги маълум қилинди.

21 январь, пайшанба куни 20th Century Fox киностудияси фильмнинг кечикиши бўйича изоҳ беришдан бош тортди. Манбалар эса иккинчи «Аватар»нинг киноэкранларга чиқарилиш муддати ростан ҳам кечиктирилганини тасдиқлаган.

«Аватар» фильмининг дастлабки қисми 2009 йилда экранларга чиқарилган ва кино тарихидаги энг кассабоп фильмга айланганди. Кейинчалик Кэмерон мазкур картинанинг учта давомини суратга олишини маълум қилганди. Унга кўра, учинчи ва тўртинчи қисмлар 2018 ва 2019 йиллардаги байрам арафасида чиқиши режалаштирилганди. Ҳозирча мазкур режалар ҳам ўзгартирилгани борасида маълумотлар йўқ.

Бу «Аватар – 2» картинасининг экранларга чиқиш муддатининг иккинчи бор кечикиши саналади.